Корхона ёки ташкилот ишчисида коронавирус аниқланса, улар корхона ҳисобидан даволанадими ёки бу кўрсатма бекор қилинганми?
Ушбу савол юзасидан АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Одилова атрофлича маълумот берди:
— Корхона ва ташкилотларда иш берувчининг меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда, ишни ташкиллаштирмагани оқибатида ишчи иш вақтида турли жароҳат ва касб касалликлари юзага келса, бунда унинг даволаниши ва реабилитация жараёни учун кетган маблағ иш берувчи томонидан қопланиши мумкин.
Ушбу ҳолат экспертлар томонидан тасдиқланган бўлиши керак. Мурожаатдаги ҳолатда бу тиббиёт ходими бўлиб, у иш фаолияти жараёнида касаллик юқтирса, унга етказилган зарарни қоплаш юзасидан республика комиссиясининг махсус кўрсатмалари ва тегишли меъёрий ҳужжатлар мавжуд.
Аммо сиз касалликни қаерда юқтирганингиз ноаниқ бўлгани учун ушбу ҳолатда иш берувчи масъул эмас. Шунингдек, сиз «Ўзэкспомарказ»да давлат ҳисобидан даволанганингизни ҳам унутмаслик керак.