Корхонанинг ҳисоб рақами нега суд томонидан ёпилди?
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси даъво ариза билан мурожаат қилиб, “Бахтиёр агро даласи” фермер хўжалигининг банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларини тўхтатиб туришни сўраган.
Солиқ кодексининг 82-моддасига асосан солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда ушбу Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилиши белгиланган.
Солиқ кодексининг 273-моддасида солиқ тўловчилар агар ушбу бобда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ ҳисоботини ўзлари солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг йигирманчи кунидан кечиктирилмаган муддатда тақдим этиши шартлиги қайд этилган.
Аниқланишича, жавобгар томонидан 2020 йил май ойи учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботини жорий йилнинг 25 сентябрь кунига қадар тақдим этмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан солиқ органи томонидан жавобгарнинг шахсий кабинетига электрон шаклда сабабларини кўрсатган ҳолда, белгиланган муддатларда солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва банклардаги ҳисобрақамлари бўйича операциялари тўхтатиб турилиши ҳақида 2020 йилнинг 13 июль куни хабарнома ва огоҳлантириш хати юборилган бўлса-да, ушбу талабнома оқибатсиз қолдирилган.
Шу муносабат билан вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан 2020 йилнинг 22 июль куни қабул қилинган қарорга кўра, жавобгарнинг банклардаги барча ҳисобварақлари бўйича чиқим операциялари ўн кунга тўхтатилган.
Шунга қарамасдан, жавобгар ҳисоботларни 2020 йилнинг 25 сентябрь кунига қадар ҳам тақдим этмаган.
Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни ўн кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг илтимосномасига асосан суд томонидан қабул қилиниши мумкин. Бунда солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банк ҳисобварақлари бўйича операциялари суд томонидан қарор қабул қилингунига қадар тўхтатиб турилади.
Суд юқорида баён этилган иш ҳолатлари ва қонун нормаларига мувофиқ суд мажлиси кунига қадар ҳам жавобгар томонидан ҳуқуқбузарлик бартараф этилмасдан солиқ ҳисоботлари давлат солиқ инспекциясига тақдим этилмаганлиги сабабли аризани қаноатлантириб, жавобгар томонидан Солиқ кодексида белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати ораганига солиқ ҳисоботларини топшириш орқали ҳуқуқбузарликни бартараф этгунга қадар унинг банк муассасасидаги барча ҳисобварақлари бўйича операцияларнинг чиқим қисми тўхтатилди.
Бундан ташқари, жавобгар ҳисобидан вилоят давлат солиқ бошқармаси фойдасига ихтиёрий тўлаб чиқилган 17 минг 840 сўм почта харажати ундирилди.
Достон ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Жомбой туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири.