Космос тўғрисидаги “миф”лар
Бизнинг коинот жуда катта ва деярли ўрганилмаган, шунинг учун у билан боғлиқ кўплаб уйдирмалар ва ҳар хил нотўғри тушунчалар мавжуд. Буларга “космосга чиқиш жуда узоқ вақтни талаб этади” ва “қора туйнуклар атрофдаги ҳамма нарсани сўриб оладиган улкан космик “чангютгичлар” каби гаплар мисол бўла олади.
Бугун ADME сизлар учун улар аллақачон рад этилиши керак бўлган космос ҳақидаги бир неча афсоналарни тайёрлади.
Космосгача жуда узоқ(ми?)
Тасаввур қилинг-а, сизнинг том маънода ҳавога кўтарила оладиган машинангиз бор. Ўртача 100 км/соат тезликда космосга “етиб олиш” учун қанча вақт керак, деб ўйлайсиз? Атиги 1 соат! Айнан шу баландликда атмосфера ва космос ўртасидаги чегара ҳисобланадиган Карман чизиғи ўтади. NASA томонидан қабул қилинган "стандартлар"га кўра, космос 122 километр баландликдан бошланади. Демак, бир соатимизга нари-бери яна 25 дақиқа қўшилар экан.
1957 йилда учирилган сунъий йўлдош космосдаги биринчи объект бўлган(ми?)
Немис олимлари томонидан яратилган «Фау-2» ракетаси 1944 йилда ердан 188 километр баландликка кўтарилиб, ҳам Карман чизиғини, ҳам NASA томонидан тан олинган атмосфера ва космос чегарасини бузди. Айтганча, баъзи олимларнинг фикрига кўра, бугунги кундаги коинотни ўрганишдаги барча ютуқлар фақат «Фау-2»ни яратиш орқали ишлаб чиқилган технологиялар туфайли мумкин бўлди.
Қуёш тизимидаги энг иссиқ жой Меркурий(ми?)
Кўринишидан барча нарса мантиқий - Меркурий Қуёшга энг яқин жойлашган, бу эса Қуёш уни бошқа сайёраларга қараганда кўпроқ иситади, деган фикр туғдиради. Лекин қуёш тизимидаги энг иссиқ жой номинацияси учун бошқа Венера сайёраси пойгада ғолиб чиқади: унинг юзасидаги кундузги ўртача ҳарорат Цельсий бўйича тахминан 460 даража иссиқ, Меркурийда эса ҳарорат нисбатан салқин, атиги 350 даража. Қуёшга энг яқин сайёрада 58 Ер кунигача давом этадиган тундаги ҳаво Цельсий бўйича 170 даража совуққача тушади.
Нега бундай? Гап шундаки, Венера сульфат кислотадан ташкил топган зич булутлар туфайли иссиқхона эффектидан "азият чекади". Меркурийда эса атмосфера деярли йўқ, шунинг учун бу ерда иссиқлик қолмайди. Айтганча, олимларнинг фикрига кўра, сайёра қутбларида музликлар бўлиши мумкин.
Космонавтлар космик кемада «сузиб юради»(ми?)
Халқаро космик станциядан трансляциялар ва космос ҳақидаги фильмларда биз космонавтларнинг космик станция бўлинмалари бўйлаб том маънода сузиб юришини кўрамиз. Аслида, улар доимий “пастга тушиш” ҳолатида, чунки Ердан 350 километр узоқликда жойлашган парвоз баландлигидаги ХКСда сайёрадаги тортишиш кучи ер сиртдагидан атиги 10 фоизга кам. Масалан, парашютчилар парвознинг биринчи сонияларида парашют очилгунча тахминан шунга ўхшаш ҳис-туйғуларни бошдан кечиришади.
Юпитер, Уран, Сатурн ва Нептун бутунлай газдан иборат(ми?)
Замонавий назарияга кўра, ерга ўхшаш (Марс, Венера ва Меркурий) сайёраларидан фарқли ўлароқ, бошқа газ гигантлари қаттиқ материаллардан эмас, балки газдан иборат. Бундан ташқари, сайёралар қаърига чуқурроқ ўрганилганда, босим таъсирида улардаги газ суюқлик босқичига ўтиши ва кейин аллақандай эриган металлга айланиши аниқланган. Газ гигантларининг ичида тахминан тош ёки металл ядро бор. Лекин, бу ҳали охиригача ўрганилмаган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.