Костюм-шим кийиб ер ағдарган ўқитувчи

Оқдарёлик Жасур Тиркашев ҳали ёш, аммо тажрибали ўқитувчилардан бири. У қисқа фурсатда кўпгина қийинчиликларни бошидан ўтказди. Барчасини сабр ва матонат билан   енгиб, ҳаётда ўз ўрнини топа олди. Ёш муаллим билан суҳбатимиз унинг кўрган-кечирганлари, эришган ютуқлари ҳақида бўлди.

- Болалигингизда ўқитувчи бўлишни орзу қилганмисиз ёки бошқа касб эгаси?

- Тўғрисини айтсам, иқтисодчи бўлишни хоҳлардим. Ўзим туғилиб ўсган Янгиқўрғон қишлоғидаги 2-мактабда ўқиб юрган кезларимда мактематика ва инглиз тилини ўрганишга бўлган иштиёқ кучли эди. Шунинг учун ҳам 9-синфни битириб, Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги академик лицейда ўқишни давом эттирдим. Аммо у ерда устозимиз, ҳозирги кунда Пайариқ туманидаги 41-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Обид Абдуалимовнинг дарс ўтиш жараёни мени ўқитувчиликка қизиқтириб қўйди. 2013 йилда лицейни тамомлаганимдан сўнг бу қизиқиш мени Гулистон давлат университетига етаклади. Мазкур олий ўқув юртининг ўзбек тили ва адабиёти йўналишига ҳужжат топшириб, талабаликка қабул қилиндим.

- Шу ўринда бир савол туғилади, нега ўқиш учун Сирдарё вилоятини танладингиз?

- Тўғри, ўша пайтларда кўпгина тенгдошларим ё Самарқанд шаҳрига, ёки пойтахтга интиларди. Айнан Сирдарё вилоятида ўқишни истаганимнинг сабаблари кўп эди. Асосийси, бир уринишда грант асосида, ҳеч қандай қўшимча ёрдамларсиз, ўз билимим билан ўқишга қабул қилинишим керак эди. Самарқанд ёки Тошкентдаги  олий таълим муассасаларига ҳужжат топширадиган абитуриентлар кўп бўлади, деб ўйлаганман. Аммо Гулистонда ҳам рақобатдошларим кам бўлмаган. Ўз билимим билан 880 нафар абитуриент орасида саккизингчи ўринда, грант асосида ўқишга қирганман.

- Мана ҳозир “ўз билимим билан” деган жумлага урғу бериб, такрор такрор айтяпсиз. “Ҳеч қандай қўшимча ёрдамларсиз”, деганда ўша пайтларда тест жараёнларида абитуриентлар фойдаланадиган “шпаргалка”, телефон ёки бошқа шу каби воситаларни назарда тутдингизми?

Ҳа, албатта. Ўша пайтларда ўз билими билан кирган ёшлар бармоқ билан санарли эди. Афсуски, ўша қўшимча ёрдамларга таяниб талаба бўлганлар орасида ўзининг исм-фамилиясини тўғри ёзолмайдиганлар қўплаб топиларди. Амаллаб олий маълумотли бўлган ёшлар бугун ишлаш жараёнида ҳам қийинчиликларга дуч келаётгани табиий. Ачинарлиси, юзлаб билимли ёшлар “синиб кетди”. Ўқишга қизиқиши сўниб, оддий ҳунармандчилик ёки деҳқончилик билан шуғуланишга киришди. Аксарияти пул топиш илинжида хорижга кетиб сарсон бўлди. Айнан ўша йилларда пули йўқ, аммо билими бор ёшлар талаба бўлиши жуда қийин эди. Айтиб ўтганимдек, иқтисодчи бўлиш орзусидан воз кечишимнинг яна бир сабаби ҳам ана шу. Чунки иқтисод йўналишига кириш баллари жуда юқори эди.

- Ўқитувчи бўлганингиздан ҳозир афсусланмайсизми?


- Тўғриси, бошида афсусланганман. Ўқишни тугатиб, бир неча мактабда ўқитувчилик қилдим. Ишлаш оғир эди. Куннинг биринчи ярмида дарс ўтиш жараёнида оқ кўйлак, костюм-шим кийиб, ўқувчиларга ўрнак бўлишга мажбур эдик. Тушдан кейин эса шу кийимда дарахт оқлардик, ер ағдарардик. Аёл ўқитувчилар кўча супурарди. Кейин англаб етганман, нима учун кўпгина эркак ўқитувчиларимиз мактабни ташлаб, бошқа иш билан шуғулланиб кетганини. Ҳайриятки кўп ўтмай тизимда ўзгаришлар бўлди. Лицей ва коллежлар фаолияти қисқартирилиб, мактабларда яна 11 йил таълим бериладиган бўлди. Бу орада мен ҳозирги ишимга, маҳалламиздаги 52-сонли  ихтисослаштирилган мактабга ишга ўтдим. Мактаб 11 йиллик бўлгач, 2019 йилда битирувчиларимизнинг 52 фоизи ўқишга кирди. Кейинги йилда бу кўрсаткич 82 фоизга кўтарилди. 2020-2021 ўқув йилида мактабимизни 41 нафар битирувчи тамомлаган бўлса, уларнинг барчаси бир уринишда талаба бўлиш бахтига эришди. Аҳамиятлиси, 19 нафари грант асосида нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Битирувчиларимиз орасида хориж олий ўқув юртларига кирганлари ҳам бор. Улар мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари имтиҳонидан ўтолмай эмас, балки муддатидан олдин, ҳали мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ талаба бўлган.

- Сиз машғулот ўтадиган хонада доскага кўзимиз тушмади. Бунга эҳтиёж йўқми?

- Хона махсус тўгарак машғулотларига мўлжалланган бўлиб, бу ерда 10- ва 11-синф ўқувчиларига қўшимча машғулотлар ўтаман. Дарс ўтиш жараёнларида, асосан, замонавий компьютер технологияларидан, жумладан, ноутбук ва проектордан фойдаланаман. Бу усул синовдан ўтган ва яхши самара берган.

- Кўксингиздаги кўкрак нишони ва унинг масъулияти ҳақида ҳам фикр билдирсангиз.

- 2021 йил мен учун жуда омадли бўлди. Шу йилда олий таълим муассасаларига ўқишга кирган мактабимиз битирувчиларининг 10 нафари мен ташкил қилган қўшимча тўгарак аъзолари эди. Уларнинг барчаси талаба бўлди. Қувонарлиси, 7 нафари грант асосида ўқишга қабул қилинган. Шунингдек, ўзим Самарқанд давлат университетининг магистратура йўналишига қабул қилиндим. Қолаверса, она тили ва адабиёт фани бўйича ҳам ўқитувчилар, ҳам абитуриентлар учун яратган ўқув қўлланмам чоп этилди. Меҳнатларим самараси бўлса керак, яна шу йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлдим. Бу ўз навбатида масъулият юклади. Менга, яъни ҳали ўттиз ёшга тўлмаган ўқитувчига берилган бу мукофот ҳукумат томонидан билдирилган катта ишонч ҳамдир. Бундан кўриниб турибдики, келгусида ўз устимда яна-да кўпроқ ишлаш талаб этилади. Мактабимиз жамоаси билан ўтган ўқув йилида битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичини 100 фоизга етказдик. Энди асосий мақсадимиз шу кўрсаткични ушлаб туриш билан бирга, битирувчиларимизнинг барчасини грант асосида ўқишга киришини таъминлашдан иборатдир.

Тўлқин Сиддиқов суҳбатлашди,

Тасвирчи: Бахтиёр Мустанов.