Куммакиви жумбоғи: қулаб тушмайдиган тош
Финландиянинг жануби-шарқидаги ёввойи ўрмонда ҳайратланарли ва бироз ғалати жой бор. Ерда ўсиб чиққан улкан тош устида ундан ҳам катта харсангтош туради. Бундан ташқари, бу икки тошнинг туташ майдони шунчалик кичикки, гўё устки тошга тегишингиз билан у думалаб кетаётгандек туюлади. Лекин у тубсизлик четида мувозанатни сақлаб туради, ҳатто жойидан қўзғалмайди.
Куммакиви фин тилидан “ғалати тош” деган маънони англатади. Ҳақиқатан ҳам у шу қадар ғалатики, тортишиш қонунларига зид сўнгги ўн бир, ўн икки минг йил давомида “илиб қўйилган” ҳолатда суяниб туради. Тошнинг ўлчами беш-етти метр, оғирлиги тахминан 500 тонна, пастки тош билан алоқа қилиш майдони эса атиги ярим квадрат метрни ташкил қилади. Мистика, шундай эмасми?!
Илмий тахминда эса барчаси янада оқилона. Куммакивининг пайдо бўлиши охирги плейстоцен музлигининг эриши билан изоҳланади. Айтишларича, бу музлик қуруқликни эгаллаб олиб, шимолдан ёки ғарбдан Болтиқ қалқони деб аталадиган жойда жойлашган гранит ва гнейс (тоғ жинси)дан иборат тошни олиб келган. Музлар эригач, тош янги жойда жуда ғайриоддий ҳолатда “қотиб” қолган.
- Тошнинг ўткир қиррали бурчаклари бор, бу унинг музлик билан бирга унчалик узоқ масофани босиб ўтмаганидан далолат беради, - тушунтиради геолог Аймо Кеёнен. - Лекин унинг остки юзаси анча силлиқ. Бу эса музлик даврининг ҳаракатланувчи массалари тоғ жинслари бўлакларини текислаб қўйиши ҳақида гапириши мумкин, - дейди у.
Тошнинг келиб чиқишининг илмий тахмини ҳаммага ҳам ёқмайди. Қадимги афсоналарга кўпроқ ишонадиган туб жойли аҳолининг таъкидлашича, тош нафақат ғалати, балки тирик. Улар гранитдаги троллар ёки гигантлар бўлган ғалати нақшларни диққат билан кўриб чиқишни таклиф қилади. Кексаларнинг айтишича, тош ичида сирли бўшлиқлар бор, у тирик ва кечалари ўзидан оғир нафас чиқаради. Шунингдек, улар куммакивининг тепасидан ўсиб чиққан баланд қарағай дарахтига эътибор беришни таклиф қилишади.
Айтиш керакки, Куммакиви узоқ вақтдан бери қизиқувчан сайёҳларни жалб қилиб келган. Бир пайтлар Финландия ҳукумати тошни машҳур сайёҳлик масканига айлантирмоқчи бўлиб, ҳатто тепасига олиб борадиган зинапоя ҳам қўйиб қўйган. Кейинчалик улар бу ноёб тошга тузатиб бўлмайдиган зарар етказилиши мумкинлигига ишониб, бу ғоядан воз кечдилар. 1962 йилда Куммакиви муҳофаза қилинадиган табиий объектлар рўйхатига киритилди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.