Кушхонанинг қассобхонадан фарқи нимада?
Гўшт асосий кундалик истеъмол маҳсулотларимиздан ҳисобланади. Аммо маҳсулот харид қиламиз-у унинг сифати, қаерда сўйилгани, ветеринар кўригидан ўтказилгани билан қизиқмаймиз. Ҳамма гап шунда.
Самарқанд вилояти ҳокимининг 2018 йил 14 ноябрдаги “Вилоят аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда гўшт маҳсулотларини етказиб бериш ва сотишда ветеринария ва санитария талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада назоратни кучайтиришга қаратилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги “Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам тизимда сифат самарадорлигини ошириш назарда тутилган. Мазкур қарорлар билан гўштни истеъмолга чиқариш учун кушхоналарни замонавий асбоблар билан жиҳозлаш, чорва молларини ветеринария-санитария талабларига риоя қилган ҳолда кушхоналарда сўйиш талаблари белгиланган.
Вилоятда нечта кушхона бор?
Маълумотларга кўра, ҳозирда вилоятимизда 25 кушхона мавжуд ва уларнинг 11 таси автоматлаштирилган тизимда ишлайди. Бу объектларда кунига ўртача 200 бошга яқин, йилнинг ўтган 9 ойида эса 38,5 мингдан ортиқ чорва моллари сўйилган. Яъни кушхоналарда сўйилган чорва молларидан кунига ўртача 34,8 тонна, йил бошидан эса 5 минг 629 тонна гўшт истеъмолга чиқарилган.
- Ҳозирда фаолият юритаётган 14 та мослаштирилган кушхонадан тўрттасини йил якунигача автоматлаштирилган тизимга ўтказиш режалаштирилган, - дейди вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Элмурод Тошмуродов. – Яна 6 та мослаштирилган кушхона 2020 йилнинг иккинчи ярмида ана шундай тизимга ўтказилади. Фаолият юритаётган кушхоналарнинг барчасида малакали ветеринария врачлари хизмат қилмоқда ва улар чорва молларини текшириб, инсон саломатлиги учун хавфли касалликлар бўлмаганда сўйиш ва истеъмолга чиқаришни назорат қилишмоқда.
Юқорида айтганимиздек, вилоятдаги кушхоналардан йил бошидан буён 5,6 минг тонна гўшт истеъмолга чиқарилди, аммо шу вақтда вилоятимиз туманлари, олис қишлоқлардаги гўштхоналарда қанча гўшт сотилди ва истеъмолга чиқарилган маҳсулотнинг қанчаси кушхоналарда сўйилган? Бу саволлар мавҳум қолмоқда.
Мисол учун, Паст Дарғом туманида 325,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улар тасарруфида 171 мингдан ортиқ йирик шохли ва 169 мингга яқин майда шохли қорамол, 74 та гўшт дўкони бор. Тумандаги 1 та автоматлаштирилган ва 3 та мослаштирилган кушхонада кунига ўртача 20 та (9 ойда 3280 та) чорва моли сўйилиб, 2,5 тоннага яқин (9 ойда 667,9 тонна) гўшт маҳсулоти истеъмолга чиқарилди. Кўрсатилган ветеринария хизмати учун бир бош қорамолга 10 минг 136 сўм, йил бошидан эса 6 миллион 81,6 минг сўм тушум қилинган.
Чорва моллари касаллиги кўз билан текшириладими?
Тумандаги “Паст Дарғом автосервис кушхона” масъулияти чекланган жамиятига қарашли мослаштирилган кушхона 2018 йилда фаолият бошлаган. Бу ерда кунига 10-12 та чорва моли сўйилади ва йирик шохли чорва моли учун 30 минг сўм, майда шохли чорва учун 8 минг сўмдан ҳақ олинади. “Паст Дарғом мева-сабзавот деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятига туташ ҳудудда жойлашган кушхона бозордаги 13 та гўшт растаси, туман марказидаги маҳаллалар ва туманнинг Гўзалкент ҳудудидаги гўшт дўконларига хизмат кўрсатади. Аммо 4 киши меҳнат қиладиган кушхонадан бадбўй ҳид таралмоқда. Кушхонада бугундан ветеринар врач сифатида иш бошлаганини билдирган Ўрол Тўхташевда чорва моллари саломатлигини текшириш учун бирорта ускуна йўқ экан. Ахир кушхонада сўйилаётган чорва молида саломатликка хавф солувчи касаллик йўқлиги текширилмаса унинг одатий қассобхонадан нима фарқи бор? Сўйишга келтирилган чорва молини касаллиги кўз билан аниқланмайди-ку. Ишчиларнинг иш кийимлари ҳам антисанитария ҳолатида.
Гўштни олиб кетишга техника йўқ
Жойларда кушхона ташкил этишдан кўзланган мақсадлардан яна бири бу ерда чорва моллари келтириш ва ундан кейин гўштни олиб кетиш учун алоҳида техника хизмати йўлга қўйилиши эди. Афсуски, кушхонада бундай хизматлар йўқ. 20-30 километр олисда жойлашган гўшт сотувчилар бу ерга чорва молини олиб келиб гўштни олиб кетиши анча маблағ ва вақт сарфлайди. Аммо бу ердаги сифат талабга жавоб бермаса бундай кушхоналардан нима наф? Сифатсиз хизматга шунча оворагарчилик ва маблағ сарфланса яширин қассобхоналар қандай бартараф этилади?
Иш бошқарувчи Отабек Қурбоновнинг айтишича, ифлосланган сувни олиб кетиш учун “Тоза ҳудуд” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузилган. Йил якунигача Россиядан замонавий жиҳозлар келтирилиб ўрнатилади ва бунинг натижасида кунига 40-50 тагача чорва молини сўйиш имконияти яратилади.
Кейинги манзилимиз туманнинг Искандари маҳалласида жойлашган “Идеал Солиҳа” оилавий корхонасига қарашли кушхона бўлди. Ташаббускорнинг 250 миллион сўм маблағи ҳисобидан 2019 йил апрелида иш бошлаган кушхонада кунига ўртача 5 та чорва моли сўйилади ва 30 мингдан 50 минг сўмгача хизмат ҳақи олинади. Бу ерда ҳам йил якунигача замонавий ускуна келтириш режалаштирилган, аммо техника хизмати йўқ.
- Соғлом қорамол кўринишидан маълум бўлади, шунда ҳам биз сўйишга келтирилган чорва молини аввал 15-20 дақиқа совутамиз, иссиғини ўлчаймиз, - дейди кушхона ветеринария врачи Ўктам Каримов. – Натижаларни таҳлил қилиб, сўйишга рухсат берамиз. Бунинг учун 10 300 сўм ветериная хизмати ва 39 700 сўм сўйиш хизматига ҳақ олинади.
Кушхона врачи хонасида термометр, микроскоп ва бир нечта дорилар бор, аммо гўштни сақлаш учун шароит йўқ.
“Қушхона”ми кушхона?
Шу маҳаллада жойлашган “Амиржон Саидафзал” фермер хўжалигига қарашли кушхона ташаббускорнинг 500 миллион сўм ўз маблағи ҳисобидан жорий йилнинг февраль ойида иш бошлаган. Кунига ўртача 2-3 бош чорва моли сўйилиб, 30-50 минг сўм хизмат ҳақи олинади. Лекин бу ерда ҳам техника хизмати кўрсатилмайди. Масофа яқин бўлганлиги учун иккита кушхонада битта ветеринария врачи ишлар экан. Бунисиям майли, лекин врачнинг хонасига кирганимизда бирорта ветеринария ускунасини, сўйилган чорва моли учун бериладиган махсус маълумотнома (гувоҳнома) ҳужжатларини кўрмадик. Сўраганимизда, Ў.Каримов “Масофа яқин, мижоз келиб қолса, бориб олиб келавераман-да”, деб қўя қолди. Мавриди келганда яна бир жиҳатга тўхталсак. Биз кўрган учта кушхонанинг пештоқига “Қушхона”, деб ёзилган. Улар “Қушхона” ва кушхона тамомила айро маънодаги сўзлар эканини билмасмикан?
Кўздан кечирган кушхоналаримизнинг бирортасида сўйиладиган чорва молини касалликларга қарши эмланганлиги, соғломлигини текширадиган ускуна йўқ. Агар чорва моли сўйилгандан кейин бирор касаллик, аниқланса туман марказидаги лабораториядан мутахассис чақиртирилар экан. Биринчидан, кушхоналарнинг аксариятида гўшт сақлаш учун совуткич йўқ, юқорида айтилган мутахассислар келгунча гўштнинг сифати бузилиб, касаллик чорва чиқиндилари билан атрофга тарқаб кетмайдими? Бундан ташқари, фойда кўриш илинжида сотиб олган чорвадан касаллик чиқса, қассоб зарар кўрса ҳам бундай маҳсулотни истеъмолга чиқармаслигига ишониш қийин. Кушхоналарда кўрсатилаётган хизмат сифати талаб даражасида эмас, яна қўшимча маблағ сарфланади. Агар сотувдаги гўшт қайсидир кушхонада сўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса кушхоналарнинг одатий қассобхоналардан фарқи нимада?
Адҳам ҲАЙИТОВ,
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).