Кузги шудгорлаш ва ўғитларни қўллашнинг афзаллиги нимада?

Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда кузги шудгор муҳим аҳамиятга эга. Кузги шудгор тупроқдаги органик қолдиқларни ўсимлик илдиз зонасидан чириб, гумус ва зарур озиқ-моддаларга айлантиришга имкон беради.

Шу билан бирга, бегона ўтлар уруғи, ер юзасида тўпланиб келган зараркунанда тухум ва личинкалари ҳамда касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни пастки чуқур қатламига тушиб, нобуд бўлиши ёки фаолсизланишига сабаб бўлади. Кузги шудгор тупроқ зичлиги ва қаттиқлигини йўқотиб, уни юмшоқ ҳолатга келтириб, куз, қиш ҳамда баҳорги ёғингарчилик сувларини тупроққа яхши сингиши, уларни даладан оқиб чиқиб кетмаслигини таъминлайди. Бу эса, тупроқни сув захирасига бойитади ва ўсув даврида суғоришга бўлган эҳтиёжни камайтиради.

Кузда асосий озуқа сифатида органик, фосфорли ҳамда калийли ўғитлар қўлланилади. Ушбу ўғитларнинг самараси кузги шудгор билан қўлланилганда энг юқори бўлади.