Томорқангизга тўқсонбости усулда экин экдингизми?

Қадимдан тажрибали бободеҳқонларимиз тўқсонбости усулида экин экишган. Бу аввало, ерни алмашлаб экиш, қолаверса, зироатчиликни ривожлантиришда жуда самарали ҳисобланади. Ушбу тажриба бугун ҳам деҳқонларимиз томонидан қўлланиляпти.

Президентимизнинг жорий йил 24 августда вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнига асосан, бу йил вилоятда 42 минг гектар майдонда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экиш белгиланган. Бу тадбир, аввало, вилоят аҳолисини баҳор ойларида эртаги сабзавот маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда эртаги экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, экспорт ҳажмини оширишга қаратилган. Яна бир афзал жиҳати, камхарж ва кам сувдан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳисобланади. Шу боис туманлардаги фермер хўжаликларининг 1962 гектар очиқ ер майдони, 4011 гектар боғ-ток қатор ораси, 31821 гектар аҳоли томорқаси ва 4206 гектар деҳқон хўжаликлари майдонларида тўқсонбости усулида экинлар экиш давом этмоқда.

Танланган ер майдонларида пиёз, саримсоқпиёз, сабзи, карам, ош лавлаги, кўкатлар каби одатий сабзавотлар билан бирга, айсберг, броколли, колраби, гулкарам, седана каби бозоргир, экспортбоп ва даромади юқори экинлар ҳам экилмоқда.

Экинлардан кафолатли юқори ҳосил олиш учун синалган 5797 тонна уруғлик, 3360 тонна ёқилғи мойлаш материаллари ва 9660 тонна минерал ўғит захираси яратилди.

Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, тўқсонбости экинларидан 2024 йил баҳорида 817 минг 468 тонна маҳсулот олиниши кутилмоқда. Бу, албатта, баҳор мавсумида бозорларимиз тўкинлиги ва аҳолининг истеъмол талабини қондиришга хизмат қилади. Олинган маҳсулотнинг 11 224 тоннасини экспорт қилиш, 12 503 тоннасини қайта ишлаш ва 793 740 тоннасини ички бозорга чиқариш ва аҳоли истеъмоли учун йўналтириш режалаштирилган.

Туманларда ҳам бу жараён давом этмоқда. Масалан, Булунғур туманида 2024 йил баҳорги ҳосил учун 3042 гектар майдонда тўқсонбости усулида экин экиш режалаштирилган.

- Деҳқонларимиз август ва сентябрь ойларига режалаштирилган пиёз ва саримсоқпиёзни экиб, ундириб олишди, ҳозирда сабзавот экиш ишлари давом этмоқда, - дейди туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Дилшод Сулаймонов. – Ҳисоб-китобларимизга кўра, деҳқонларимиз тўқсонбости экинларидан 9503 тоннадан ортиқ, яъни қарийб 29 миллиард сўмлик ҳосил олиши ва қўшимча 533 та иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Тумандаги "Мингчинор" ва Абдусалом Маҳсумов номли муқобил МТП ҳудудидаги фермер хўжаликлари деҳқонлари тўқсонбости усулида экин экиб, юқори ҳосилдорликка эришишда янгича усулларни ҳам синовдан ўтказишмоқда. Масалан, аввалги одатий усулда саримсоқпиёз қатор устида 3 тадан уруғ доналаб экилган бўлса, бу йилдан улар саримсоқпиёзни алоҳида қаторга экишни синовдан ўтказишяпти. Бу, биринчидан, техник ишлов беришни яхшиласа, иккинчидан, ҳосилдорликни оширади. Яъни, одатий усулда гектаридан 4 тоннагача саримсоқпиёз олинган бўлса, янги синовда ҳосилдорлик гектарига 6-8 тоннага етади. 

- Тасарруфимизда 35 гектар ер майдони бор ва бу йил 9 гектар майдонда тўқсонбости усулида пиёз ва саримсоқпиёз экдик, - дейди тумандаги «Бобожон ота» фермер хўжалиги бошлиғи Камолиддин Бобожонов. – Хўжаликларда бу йилдан пиёз ва саримсоқпиёз етиштиришда янги усуллардан фойдаланяпмиз. Аввал пиёзни август ойида иссиқхона усулида кўчат тайёрлаб, октябрда далага экардик. Бу йил пиёзни уруғидан сеялкада экишни бошладик. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, ҳосил бир ой олдин тайёр бўлади, ишчи кучи, вақт, харажат тежалади, ҳосилдорлик гектарига 30 фоизга юқори бўлади. Дастлабки ҳисобимизга кўра, тўқсонбости экинларидан 1 миллиард 100 миллион сўм даромад оламиз. Етиштириладиган маҳсулотнинг сотилиши борасида ташвишимиз йўқ, туманимиздаги «Булунғур Сандвик» корхонаси билан шартнома имзолаганмиз.

Ўктам ХУДОЙБEРДИЕВ.