Маънавият қалбдан бошланади

Жомбой туманида вилоят фуқаролари йиғинларида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш мақсадида ташкил этилган республика ишчи гуруҳи таркибида Самарқандга келган республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси, шоир Минҳожиддин Ҳожиматов билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида туман ҳокими Қаюм Собиров Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида соҳа ходимлари олдига қўйган вазифалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, туман меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида эришаётган ютуқлари, маданий ҳаётда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

– Ўтган уч йилда туманда ахборот-кутубхона марказининг янги биноси, «Зарафшон» кинотеатри, «Кўкгумбаз» ва «Қангли» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида жойлашган маданият уйлари бинолари капитал таъмирдан чиқарилди, нашриёт ташкил этилди, – деди Қ. Собиров. – Буларнинг барчаси маънавий-маърифий муҳитга ижобий таъсир кўрсатиб, ўғил-қизларимизнинг ижодий салоҳиятини юксалтиришга туртки бўлмоқда.

Тадбир иштирокчилари аввалига маҳаллий Кенгаш депутатлари ушбу йиғилишга нега таклиф қилинганидан ҳайратда қолишди. Маълум бўлишича, бу бежизга эмас экан.

– Биринчидан, одамларни ўйлантираётган кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал этишда халқ вакилларининг ўрни катта. Иккинчидан, маънавият ва маърифат халқ вакилларининг дунёқарашидан бошланади, - деди М.Ҳожиматов. – Агар депутат уйда оилавий кутубхона яратишда намуна бўлса, бошқалар ҳам уларга албатта эргашади. Зеро, инсоннинг шаклланишида бадиий адабиётнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун китобхонликни севиш оиладан бошланиши керак. Давлатимиз раҳбарининг республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида олдимизга қўйган вазифалардан бирининг мазмун-моҳияти ҳам айнан шундан иборат. Зеро маънавият қалбдан бошланади. Ва яна бир гап. Тўғриси, бу туманда ижтимоий соҳа, маданият, маънавият ва маърифат ривожига бу қадар катта эътибор берилишини кутмагандим.

Тумандаги «Умид» ижодий клуби аъзолари ва ёш шоирларнинг чиқишлари йиғилиш иштирокчилари ва меҳмонларини мамнун қилди. 14-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Босимхон Абдуллаевнинг ўзбек мумтоз қўшиқлари – мақомларини ижро этиши ҳам олқишлар билан кутиб олинди.

Тадбирда М.Ҳожиматов ўзининг янги шеърларини ўқиб, республика Маънавият ва маърифат маркази режалари билан ўртоқлашди ва журналистларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтарди.

- Ёшлар ўртасида китоб мутолаасини тарғиб қилиш, улар онгини интернетнинг салбий, зарарли таъсиридан асраш доимо диққатимиз марказида, - дея давом этди у.  - Жумладан, ўтган йили ходимларимиз ушбу мавзуда кўп видеороликлар тайёрлаб, айрим интернет сайтларида эълон қилишди. Бу йил ҳам энг яхши видеороликлар яратиш учун танлов эълон қилдик. Бундан ташқари, плакатлар, стендлар ва брошюралар тайёрлаш устида ҳам ишлаяпмиз.

Ёрмамат РУСТАМОВ.