Маданий меросимиз – Янги Ренессанс пойдевори

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Хива шаҳрида “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” номли халқаро форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурганди. Шу муносабат билан жорий йилнинг 13-20 сентябрь кунлари юртимизда маданий мерос ҳафталиги ўтказилмоқда.
Маданий мерос ҳафталиги Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – Янги ренессанс пойдевори” V Конгресси билан бошланди. Конгресс Тошкент шаҳрида жойлашган International Hotel Tashkentда ўз фаолиятини олиб борди.
Унда дунёнинг 40 мамлакатидан 250 нафардан зиёд шарқшунос, тарихчи, археолог, санъатшунос олимлар, илмий муассасалар мутахассислари ва маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конгресс доирасида “Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи тўплами”, “Камолиддин Беҳзод миниатюралари”, “Ўзбекистон Россия архивлари тўпламларидаги тарихий фотосуратларда” китоб-альбомларининг тақдимоти, Риштон кулолчилиги альбомининг, “Ўзбекистон ёзма ёдгорликларининг 100 дурдонаси” факсимиле намуналари нашрининг, Ўрта Осиё маданияти тадқиқотчиси Леон Баршчевский фотосуратларининг тақдимоти ва бир нечта кўргазмалар ўтказилди. Шунингдек, Самарқанд ва Шаҳрисабз ёдгорликларининг 3D принтерда тайёрланган моделлари ҳам намойиш этилди.
Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар ўз фаолиятларини секцияларга бўлиниб давом эттирдилар. “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” ноширлик фаолиятининг янги йўналишлари, “Ўзбекистон маданий мероси Ўзбекистон ва дунё тўпламлари”, “Марказий Осиё меъморчилиги тарихининг долзарб масалалари”, “Маданий меросни сақлаш ва оммалаштиришнинг замонавий жаҳон тажрибаси” секцияларида соҳа мутахассисларининг илмий маърузалари эшитилди ва мавзуга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Конгресснинг иккинчи кунида ҳам иштирокчилар секцияларга бўлиниб, мавзуга доир маърузаларни муҳокама қилишди. Жумладан, “Алишер Навоий мероси. Буюк мутафаккир меросига янгича қараш”, “Ўзбекистон қўлёзма ёдгорликлари: асрлар қаъридаги нур”, “Марказий Осиёнинг маданий мероси халқлар бирлигининг омили сифатида” каби секцияларда олимлар томонидан маърузалар қилинди ҳамда муҳокамалар бўлиб ўтди.
Конгресс якунида “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасида бевосита иштирок этган хорижлик олимлар ҳамда республика музейларига Ўзбекистон маданий меросининг дунё ва Республика тўпламларидан иборат 50 томлик китоб-альбом учун сертификати тақдим этилди.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси
бош муҳофизи.