Маданият вазирлиги айрим санъаткорларнинг тўй ва тадбирларда карантин қоидаларини бузиши юзасидан баёнот берди

Мамлакатимизда пандемия шароитига қарамай, айрим санъаткорлар томонидан тўй ва тадбирларда карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари учраб турибди.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузган юлдузларни танқид қилган эди. Шунингдек, ушбу ҳолат жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Маданият вазирлиги ушбу масалада баёнот берди.

"Албатта, Маданият вазирлиги ушбу хатти-ҳаракатларни маъқулламайди ва карантин қоидалари истисносиз ҳар бир шахс учун мажбурийлигини, уни бузганларга қатъий чора кўрилишини қўллаб-қувватлайди.

Бироқ юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Уларнинг шахсий ҳаётини назорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Маданият вазирлиги ҳам санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас. Вазирликнинг низом билан тасдиқланган фаолият чегаралари мавжуд бўлиб, ундан ташқарига чиқиш қонунан мумкин эмас. Шахснинг жамиятдаги хатоси ёки жинояти учун чора кўришга масъул бўлган органлар қонуннинг барча учун баробарлиги тамойилига асосланган ҳолда фаолият олиб боради.

Табиийки, санъат аҳли миллионлаб мухлисларнинг нигоҳида ва диққат марказида бўлади. Лекин бу унга қандайдир имтиёз эмас, аксинча, улкан жавобгарлик ва масъулият юклайди. Маданият вазирлиги соҳа вакилларидан ўз ҳаёти ва фаолиятларида ушбу мезонга амал қилишларини сўрайди. Ўз навбатида, масъул идораларни белгиланган меъёрларни бузган санъаткорларнинг жавобгарлигини таъминлаш учун қонуний чоралар кўришга чақиради. Зеро, қонун барчага баробар!", дейилади баёнотда.