Мадрасаи олия анъанаси таълим-тарбия талабидир

Вилоят жамоатчилигининг Самарқанд давлат университети ёшини Мирзо Улуғбек мад­расаи олиясига боғлаш ҳақида таклифи жуда ўринли.

Мирзо Улуғбек мамлакатимизда илк бор ўрта ва олий таълим даргоҳларининг кўпайтиришга ва уларни бошқарувчи, юқори, олий даражадаги малакали кадр­лар билан таъминлаш ишига аҳамият беришга киришган давлат арбобларидан, илм-фан фидойиларидан эди. У Бухоро, Ғиждувон, Самарқанд каби кўпгина ерларда мадраса ва масжидлар солдириб, илм-фан марказларини ташкил этишга киришганлиги ҳамда илм-фаннинг ривожланишига ўз даврининг етук олимлари ва истеъдодли талабаларни бу марказларга жалб этган. Унинг бевосита ҳомийлигида вужудга келган билим даргоҳлари пештоқига “Талаб ул-илма фаризатун ало кулли муслимин ва муслиматун”, яъни “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир” деган шиор ёздирганлиги ҳаммага маълум.

Мадрасаи олияда таълим олувчи ҳар бир талаба ўз билими, истеъдодини намойиш этиш учун ўша даврнинг ўзига хос синовлардан ҳам ўтишган. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Мирзо Улуғбек ҳар бир мадрасага келиб, истеъдодли талабаларга инъомлар улашган, ётоқхоналар билан таъминлаган, ёш олимларга ғамхўрлик, алоҳида ҳомийлик қилган.

Демак, ўша даврдаги ўқишга қабул қилиш усуллари ва уларга ҳомийлик анъанаси бизгача етиб келган. Масалан, ўқишга кирганларга давлат стипендияси берилиши ва талабалар ётоқхоналари билан таъминланиши.

Самарқанд мадрасаи олияси ўлка халқларига илм-фан маркази, балки ўша давр уламолари учун ўзига хос олий ўқув юрти, яъни ҳозирги университет вазифасини ўтаган. Бу ерга Турону эронлик 200 дан ортиқ олимлар жалб этилиб, бевосита Улуғбек ҳомийлигида фаолият кўрсатишган.

Мирзо Улуғбек мадрасаи олияларга бош мударрис тайинлашда ҳам ибратли йўл тутган. Масалан, у кишидан «Мадраса­га кимни бош мударрис қилиб тайинлайсиз?» деганларида, “Бу мадраса мударриси жами илмларга моҳир, барча фанлардан баҳраманд ва комил киши бўлғайки, у танлов асосида тайинланади» деб жавоб беради. Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъул вақоеъ” китобида ёзилишича, Улуғбекнинг бу шартига Эроннинг Ҳавоф вилоятидан Самарқанд­га келиб, жидду жаҳд билан таҳсил кўрган ва ушбу мадраса қурилишида фаол иштирок этиб, кўпдан бери устозлардан таълим олишга эришган Мавлоно Муҳаммад Ҳавофий Мирзо шундай жавоб берган экан: “Бу мадрасага мен бош мударрис тайин этилурман”. Шунда Мирзо Улуғбек уни ёнига чақириб, танишади ва имтиҳон айлайди. Мирзо Улуғбек ундан ниманики сўрамасин, у маъқул ва мақбул жавоб беради. Сўнг уни ўз устози Қозизода Румий ҳузурига олиб боради ва унга ҳамсабоқ қилади...

Мадраса очилган куни саккиз нафар турли олимлар йиғилишиб, Мавлоно Ҳавофийдан “очиқ дарс” ўтказишни сўрайдилар. Ҳавофийнинг очиқ дарсига Мирзо Улуғбек ва Қозизода Румий ҳам ташриф буюришади. (Чунки Мирзо Улуғбек устози Қозизода Румийни “раис ул-муаллимин”, яъни ҳозирги Илмий-услубий кенгашнинг раиси насабига тайинлаган ва аксарият ҳолларда унинг уюштирган дарсларида ўзи ҳам иштирок этарди). Мавлоно Ҳавофий ўша очиқ дарсида Мажастий ҳақида маъруза ўқийди. У дарсни ҳар жиҳатдан жуда илмий баён қиладики, маърузадаги чуқур илмий маънони Мирзо Улуғбек ва Қозизода Румийдан бўлак олимлар мукаммал фаҳмлаб ололмайди...

Бобомиз Улуғбекнинг XV асрдаёқ олим ва фозиллар ичида адолатли иш тутиб, ўша куни Мавлоно Муҳаммад Ҳавофий бош мударрис қилиб тайинланади. Машҳур адиб Зайниддин Восифийнинг хабар беришича, Мирзо Улуғбек мадрасаси ва хонақосига ўн нафар мударрис тайин қилинган эканки, уларни танлаш ҳам юқорида қўлланилган тартиб асосида, “очиқ дарс” ўтказиш орқали ошкоралик, адолат йўли билан бўлган экан. Бундай таълимий усуллар мамлакатдаги барча мадрасаи олияларда ҳам қўлланилган.

Демак, ҳозирги пайтдаги педагогларни танлов асосида ишга қабул қилишдан аввал Илмий-услубий кенгашнинг раиси бошқарувидаги аъзолар иштирокида очиқ дарс уюштириш тартиби Мирзо Улуғбек томонидан жорий этилган экан. Бу усул анъанавий тарзда ҳозир ҳам давом этмоқда.

Усмон Санақулов,

СамДУ профессори.