Магистрал газ қувури оралиғида ноқонуний иш олиб бораётган экскаватор ҳайдовчиси ёниб кетди
Фарғона вилоятида магистраль газ қувури тешилиши оқибатида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2019 йил 3 декабрь соат 15:15 да Фарғона вилояти Бешариқ тумани Бахмал қишлоғи ҳудудидан ўтган Фарғона магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли “Бешариқ” ГТСга борувчи диаметри 219 миллиметр бўлган қувур тармоғининг 4-5 километр оралиғида ноқонуний ҳолда, тегишли рухсатномаларсиз экскаватор ёрдамида ер ишларини (тош олиш) олиб бориш натижасида магистрал газ қувур тармоғига шикаст етказилган ва қувур тешилган. Бу эса ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган ва оқибатда экскаватор ҳайдовчиси, 1960 йилда туғилган Д.М. куйиш тан жароҳати олиб, тезкорлик билан Бешариқ шаҳар шифохонасига етказилган.
Авария ҳолатини тезкор равишда бартараф этиш учун магистраль газ қувурига газ бериш тўхтатилган ва ёнғин тезда ўчирилган.
Авария оқибатида шикастланган газ қувури кеч соат 20:50 да қайта тикланди, аҳолига табиий газ етказиб бериш 4 декабрда тикланади.
“Ҳурматли ватандошлар! Барча турдаги энергия таъминоти тизимининг, айниқса, юқори босимли газ қувурларининг муҳофаза ҳудуди ва хавфсизлик талабларига амал қилишга ҳамда шу каби ҳолатларнинг олдини олишга чақириб қоламиз”, дейилади хабарда.