Маҳалла ҳар ишда ўрнак бўлиши зарур, аммо...
Бу гап фақат маҳалла фаолларининг юриш-туриши, амалига тааллуқли эмас. Бу ерга келган киши, аввало, саранжом-саришталик, маҳалла “ходим”ларининг ишлаш шароитига эътибор беради.
Ўзи шароити бир нави бўлган жойда ишлаётган маҳалла раиси бошқаларга “Уйингни эпақага келтир, атрофини ўт-ўландан тозалаб қўй”, деб насиҳат қилса, қандай бўлади? Маҳалланинг жамиятдаги обрўйи, нуфузини оширмоқчи эканмиз, бу масалани ҳам эсдан чиқармаслик керак.
Булунғур туманининг “Чангал-1” маҳалла фуқаролар йиғинидамиз. Номланишига кўра, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, кўриниши бўйича омборхонага ўхшаш бинонинг олдига келиб тўхтадик. Маҳалла раиси Олим Жўраев бизга пешвоз чиқиб, ичкарига бошлади. У ерда эса вазият бундан-да оғир. Хоналар зах тортган, деворлари нураган, шифтдаги доғлар томдан сув ўтишидан дарак беради. Хуллас, ачинарли ҳолат. Маҳаллада аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганишга келган бўлсак-да, кўз олдимиздаги муаммога бефарқ бўлолмадик.
- Жорий йил бўлиб ўтган сайловда маҳалладошларим мени раисликка лойиқ кўрди, - дейди О.Жўраев. – Ишни маҳалланинг учта энг асосий муаммоси ва уларнинг ечими бўйича лойиҳа тайёрлаб, туман ҳокимлигига киритишдан бошладим. Муаммоларга келсак, аввало, Юқори Чангал қишлоғидаги 92 та хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлашимиз керак. Ундан кейин маҳалла марказидан ўтувчи асосий кўчанинг 2,5 километр қисмида пиёдалар ва велойўлак қуришимиз зарур. Яна бир оғир муаммоимиз, кўриб турганингиздек, хизматини ўтаб бўлган маҳалла маркази. 1972 йилда қурилган бу бино яқин йилларда таъмирланмаган. Уни замонавий ва зарур шароитлари мавжуд маҳалла биносига айлантириш учун 480 миллион сўмлик лойиҳа тайёрладик.
Раис ва фаоллар ҳамроҳлигида бинонинг ҳолатини кўздан кечирдик. Уларнинг айтишича, ёмғирли кунларда кўчадан оққан сув шу ерда тўпланиб, бинога кириш жойида каттагина “ҳовуз” пайдо бўлар экан. Унга туташ бино бундан-да хароб. “Улуғбек” агрофирмасига қарашли бу бинога яқин йилларда одам кирмагани кўриниб турибди. Деворлари дарз кетиб, қулаш ҳолатига келган бу бинонинг ичига кириш у ёқда турсин, ёнига боришга ҳам ҳайиқдик.
Маҳалла раисининг айтишича, у тақдим қилган лойиҳа ҳукумат томонидан маъқулланиб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун керакли маблағ ажратилиши белгиланган. Фақат бу қачон бўлиши номаълум. Унгача мавжуд шароитдан тўғри фойдаланилса, айтайлик, ёмғир сувларини бинодан қочириш чораси кўрилиб, атрофи ободонлаштирилса ёмон бўлмас эди. Қолаверса, уларнинг қаторида жойлашган профилактика инспекторининг хизмат уйи ҳам қаровсиз ҳолатда ётибди. Фаоллар буни маҳаллада профилактика инспектори лавозими вакант эканлиги билан изоҳлашди. Хўп, профилактика инспектори бўлмаса, у учун қурилган уйнинг атрофини бегона ўтлардан тозалаб қўйишнинг иложи йўқми?
Хуллас, шунақа гаплар. Маҳаллага боришимиз сабабига келсак, бу бўйича мақолани кейинроқ эълон қилишга қарор қилдик.
Асқар Баротов.