Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси қандай ишларни бажаряпти?
Оқдарё туманида 35 та маҳалла бўлиб, бугунги кунда уларнинг барчасида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокими ёрдамчилари фаолият олиб боряпти.
Улар иш бошлаганига бир ойдан зиёд вақт ўтди. Хўш, ўтган давр мобайнида қандай натижаларга эришилди? Шу саволга жавоб топиш мақсадида ижодий гуруҳимиз билан туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган "Ойтамғали" маҳалласида бўлдик.
Маҳаллада 150 нафарга яқин ишсиз бор. Бу – камми, кўпми?
"Ойтамғали" маҳалласида ҳоким ёрдамчиси вазифасига тайинланган Ёқуб Темиров фаолиятини хатлов жараёнидан бошлади.
- Натижага кўра, маҳаллада 5 525 нафар аҳоли истиқомат қилиши, улар орасида меҳнатга лаёқатли 143 нафар ишсиз мавжудлиги аниқланди, - дейди у. - Бу ачинарли ҳолат. Ишсиз фуқароларнинг аксарияти хотин-қизлар экан. Шуни инобатга олиб, уларга туманимиздаги йирик корхоналардан бири, “Муштарий Оқдарё” тикувчилик фабрикасида янги иш ўринлар яратилганлиги, у ердаги меҳнат шароитлари ҳақида маълумотлар берилди. Натижада 60 нафардан зиёд хотин-қиз ишга жойлаштирилди.
Пилол – гулчилар қишлоғи
Ёқуб Темировнинг кейинги иши маҳалладаги ҳунармандларга кўмак кўрсатиш бўлди. Қўлида ҳунари бор фуқароларни аниқлаб, уларнинг қўл меҳнати маҳсули ҳақидаги маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлаштира бошлади.
- Маҳалладаги биргина Пилол қишлоғида матолардан гул ясайдиган аёллар кўпчиликни ташкил этаркан, - дейди Ё.Темиров. – Фақат улар яратган бежирим, совғабоп, асосийси, бозоргир санъат асарларини кимга пуллашни билмас эди. Гул ясайдиган опа-сингилларимизнинг ишини туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштирдим. Буни кўрган мутасадди ташкилотлар раҳбарлари уларга ҳар томонлама ёрдам беришда менга ҳамкорлик қилишини айтди. Хусусан, “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлими раҳбари Фаррух Ёдгоров ҳамкорлигида уларга уюшмага аъзо бўлиш ва мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлиги тўғрисида тушунчалар бердик. Натижада Пилол гулчилар қишлоғига айланди, десак хато бўлмайди.
Маҳалламиз гуллаяпти, гулларимизни пуллаяпмиз
Қишлоқнинг ҳунарманд аёлларидан бири Нафиса Ҳамидуллаева ишни қизи билан бирга қийтиқ матолардан фойдаланиб, гул ясашдан бошлаган. Аммо улар маҳсулотларини сотиб, мўмай даромад қилиш йўлларини билмас эди. Бугунги кунда улар ясаётган сунъий, аммо табиийларидан қолишмайдиган гулдасталарнинг бозори чаққон.
- Аввалига қизим иккимиз қийтиқ матолардан гуллар ясардик, - дейди Нафиса опа. – Биз яратган асарларга харидорлар чиқа бошлади. Кейин янги матолар, зарур материалларни сотиб олиб, гулдасталар ясай бошладик. Бу шунчаки қизиқиш эди. Меҳнатимизнинг орқасидан мўмай даромад қилишни хаёлимизгаям келтирмагандик. Яқинда маҳалламизда ҳоким ёрдамчиси иш бошлагач, кўмак берди. Шундан сўнг ҳам шогирдларимиз кўпайди, ҳам харидорлар. “Ҳунармандлар” уюшмасига аъзо бўлдим. Субсидиялар ажратиляпти. Ишонасизми, нафақат вилоятимиздан, балки Жиззах ва Сирдарёдан ҳам буюртмалар туша бошлади. 8 март – Хотин-қизлар байрами арафасида яхшигина даромад қилишни кўзлаб турибмиз. Келгусида фойдадан фаолиятимизни кенгайтириб, қўшимча тикув цехи ҳам очиш ниятидамиз.
Гул ясашни рангли қоғоздан бошлаганмиз
Қишлоқдаги яна бир ҳунарманд аёл Зуҳра Асомова пенсияга чиққандан кейин гул ясашни бошлаган. У гулли ва чироқли безаклар, қўғирчоқлар, ўйинчоқлар ясаб сотмоқда.
- Маҳсулотларимизни бозорма-бозор кўтариб юрмаймиз, - дейди у. – Харидорлар уйимиздан олиб кетишади. Ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан кундан-кунга бизни сўровчилар, харидорларимиз, шунингдек шогирдларим сафи кенгайяпти. Қўшни маҳаллалардан ҳам хотин-қизлар устоз шогирд анъанаси асосида ҳунар ўрганишга келишяпти. Мамлакатимизда ҳунармандларга яратилаётган имкониятлардан бири сифатида бандликка кўмаклашиш маркази томонидан шогирдларимиз учун стипендия тўланиши алоҳида аҳамиятга эга.
Болалар қамрови икки бараварга ошадиган бўлди
"Ойтамғали" маҳалласининг яна бир қишлоғи Говбандда тадбиркор Алиқул Қодиров ташаббуси билан 2018 йилда 100 ўринга мўлжалланган давлат хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотига асос солинди. Бунинг учун қурилиши режалаштирилган 2 бинонинг бири маблағ етишмаганлиги сабабли охирига етмай қолганди.
- 2019 йилда мактабгача таълим вазирлиги билан 1 миллиард 200 миллион сўмлик шартнома имзоланган, - дейди тадбиркор. – Маблағимиз 2021 йил февраль ойидан бошлаб чиқа бошлади. Сентябрь ойигача 964 миллион сўм маблағ ажратилиб, шартномада белгиланган 236 миллион сўм маблағ қолди. Ажратилган маблағ эвазига 2 та бино қурдик. Бири ишга тушди, иккинчисининг эса пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари чала қолган. Агар шу бино ҳам ишга тушса, яна 50 нафар бола боғчага қамраб олинади. Шунингдек, 5 киши иш билан таъминланади. Шу масалага ечим топишда бизга ҳоким ёрдамчиси яқиндан кўмаклашди. Яъни, шартномада белгиланган маблағ қолдиғини кутиб ўтирмасдан, ишни самарали ташкил этиш мақсадида “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида кредит олиб, иккинчи бинони ҳам ишга тушириш кераклигини айтди ва кредит ажратилиши учун банкка тавсиянома берди.
Маҳаллада ишсиз одам бўлмайди
- Ҳоким ёрдамчиси – масъулиятли вазифа, - дейди Ёқуб Темиров. – Шу иш бизга ишониб топширилдими, сидқидилдан меҳнат қилишимиз керак. Мана, ишласак бўларкан. Фаолиятимни бошлаганимга бир ойдан зиёдроқ вақт бўлган бўлса, ўтган давр ичида маҳаллада 2 та масъулияти чекланган жамият, 1 та оилавий корхона ва 6 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият бошлади. 3 нафар аёл ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлиб, 50 нафар хотин-қиз уларга шогирдликка тушди. Уларнинг иш бошлагани маҳалладаги ишсизлик, камбағаллик муаммосига ечим топилди, дегани эмас. Ҳали қилинадиган ишлар кўп. Ишли бўлган, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланишни бошлаган фуқароларимиз ишининг ривожига янада ҳисса қўшиш, йўлларида учраши мумкин бўлган муаммоларга ечим топиш асосий мақсадимиз бўлиши керак. Шундагина тадбиркорлар сафи кенгаяди, маҳаллада ишсизлар бўлмайди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.