Маҳаллаларнинг энг яхши ёш китобхонлари беллашди
Самарқанд шаҳридаги 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши ташаббуси билан "Мен ўқиган китоб" кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Маҳалла ёшлари ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарларини асраб-авайлаш, уларнинг нодир меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган танлов икки ёш тоифаси асосида ўтказилди. Яъни, 14 ёшдан 20 ёшгача ва 21 ёшдан 30 ёшгача бўлган, танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 32 нафар ёш уч шарт бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.
- Танлов Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди, - дейди кенгаш раисининг ўринбосари Санжар Турдиев. – Илк бор ўтказилаётган бу танловнинг саралаш босқичларига 10 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди. Ёшларимизни китоб мутолаасига чорлайдиган бу танловни келгусида давом эттириш, иштирокчилар сафини янада кенгайтириш истагидамиз.
Танлов якунига кўра, 14-20 ёш тоифасида Пайариқ тумани “Жавшар ота” маҳалласидан Шаҳризода Рўзимуродова биринчи ўринни эгаллада. Тойлоқлик Райҳона Раҳмонова иккинчи ва Каттақўрғон шаҳридан иштирок этган Маржона Меҳриддинова учинчи ўринни қўлга киритди. 21-30 ёшлилар ўртасида Қўшработ тумани “Пангат” маҳалласидан Камола Мусурмонова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Пахтачи туманидан Жавлон Қодировга иккинчи, нарпайлик Гулҳаё Эшмоновага учинчи ўрин насиб этди.
Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.