Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳини обод этиш учун 25 миллион доллар сарфланади
Ҳазрат Маҳдуми Аъзамнинг асл исми Саид Аҳмад, отасиниг исми Саид Жалолиддин. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг 21-авлоди бўлган.
Маҳдуми Аъзам у кишига берилган унвон. Ҳазрат 1461 йилда Наманганнинг Косонсойида туғилган. Ёшлигида водий ва Тошкентдаги мадрасаларда таълим олиб, Самарқандга келади ва Хўжа Аҳрор Валига шогирд тушади.
У кишининг айнан Даҳбедда яшаб қолишларига сабаб, бу ҳудуд икки дарё оралиғи, яъни Оқдарё ва Қорадарё ўртасида жойлашгани, деҳқончилик қилиш учун қулай бўлганидир. Нақшбандия таълимотида бир шиор бор: “Даст ба кору, дил ба ёр”, яъни “Қўлинг мехнатда, дилинг Аллоҳда бўлсин”. Ҳазрат шунга амал қилган ҳолда деҳқончилик билан ҳам шуғулланган. Аниқроғи, деҳқонларнинг пири бўлган. Деҳқончиликка оид 30 дан зиёд асар ҳам яратган. Бу зот умрининг охиргача мазкур Даҳбед қўрғонида яшаб, ижод қилган ва 1562 йилда вафот этган.
Маҳдуми Аъзам йирик диний ва сиёсий арбоб, Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири бўлган. 30 дан зиёд мамлакат подшолари бу зотга мурид, яъни шогирд бўлган экан. Уларнинг 14 нафари ўз васиятарига биноан, шу маскандаги даҳмага дафн қилинган. Бу қабрлар орасида Самарқанд ҳокими бўлган Баҳодир Ялангтўшники ҳам бор.
Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган мана шу Ҳазрат Маҳдуми Аъзам номига бунёд этилган қадамжодаги масжид ва мақбара айнан Баҳодир Ялангтўш томонидан 1618 йилда бунёд этилган. Зиёратгоҳ марказидаги чинор қарийб беш юз йиллик тарихга эга. Уни Маҳдуми Аъзам ҳазратлари бу ерга кўчиб келган пайтда, яъни 1528 йилда эккан.
Бир пайтлар эътиборсиз қолган бу муқаддас жой Ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин обод масканга айлантирилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда зиёратгоҳ ҳудудида янада улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилди. Бунинг учун 25 миллион доллар миқдорида маблағ сарфланиши белгиланди.
Зиёратчилар учун қулайлик яратиш мақсадида даҳмага кириш-чиқиш йўллари кенгайтирилади, қўшимча айвон бунёд этилади. Замонавий таҳоратхона ва автомобиллар тураргоҳи қурилади.
Ҳудуддаги қадимий масжид ҳам таъмирланиб, ён ва орқа томонида айвонлар барпо этилади. Бугунги кунда масжид ўз ичига 400 кишини сиғдира олса, қўшимча айвонлар қурилгандан сўнг бу ерда бир вақтнинг ўзида 2 минг нафар намозхон ибодат қилиш имконига эга бўлади.
Зиёратгоҳ ҳудуди ва атрофида кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, обод масканга айлантирилади.
Насрулло Исломов,
Оқдарё тумани бош имом-хатиби.