Маҳкумлар сайлов қонунчилиги билан таништирилди
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқамаси 37-жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган маҳкумларга айни пайтдаги сайлов кампанияси ҳақида маълумот бериш, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида учрашув ўтказилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди томонидан ташкил этилан тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган сайлов принциплари, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи билан боғлиқ қоидалар, янгиликлар ҳақида сўз юритилди. Сайлов бюллетенини тўлдириш тартиби ва ёш сайловчининг овоз беришда иштироки билан боғлиқ қоидалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
– Сайлов кодексининг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилган, – деди жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари Ў.Мамадалиев. – Лекин ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи мавжуд. Бу жорий йилги сайловнинг энг муҳим, аҳамиятли томонларидан бири ҳисобланади.
Учрашувда маҳкумлар ўзларини қизиқтирган саволларга судьялардан жавоб олдилар.
Отабек ҚОДИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди бош мутахассиси.