Мамаюсуф бобо мукофотдан хурсанд, фақат йўл масаласида ўкинчи бор
Паст Дарғом туманидаги Камолот маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 97 ёшли Мамаюсуф Ражабов бугун фарзандлари ва невара, чеваралари ардоғида ҳаётга шукрона айтиб кексалик гаштини сурмоқда.
– 17 ёшимда урушга кетгандим, – деб хотирлайди Мамаюсуф бобо. – 1942 йилнинг қаҳратон қишида поездга миниб урушга жўнадик. 23 кун йўл юриб, Белоруссияга етиб бордик. Вокзалдан жангоҳгача бўлган 100 километрдан ортиқ масофани бир ойда яёв босиб ўтдик. Ҳаво жуда совуқ, шамолдан кўз очиб бўлмас эди. Душман эътиборига тушиб қолмаслик учун биз фақат тунда юрардик. Шундай оғир кунларда душманга қарши жангга кирганмиз. 1943 йилда Белград шаҳрини босқинчилардан озод қилаётгандик. Душман снайперининг ўқи чап оёғимга тегди ва мен яраландим. Госпиталда даволанганимдан кейин мени уйга қайтаришди. Мана, 77 йилдирки душман снайперининг бир парчасини танамда олиб юрибман. Бу менга ҳар лаҳза ўша машъум кунларни эслатиб туради, қалбимга оғриқ беради.
Мамаюсуф Ражабов фронтдан қайтганидан сўнг ветеринария мутахассислиги бўйича ўқиган ва пенсияга чиққунига қадар Паст Дарғомдаги “Ўзбиокомбинат” корхонасида меҳнат қилган.
Бугун 97 ёшни қаршилаган Махмаюсуф бобо фарзандлари-ю ва набираларига боғдорчилик ва деҳқончилик бўйича ўз тажрибаларини ўргатиб келмоқда. Ўғли Абдусалом Ражабов билан 7 йилдан буён ҳовлисидаги иссиқхонада 15 туп лимон парваришлайди.
Мамаюсуф бобо Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари фармонига кўра, 10 миллион сўм пул мукофоти берилганидан хурсанд. Бунинг учун давлатимиз раҳбарини узундан узоқ дуо қилди. Фақатгина отахоннинг бир ўкинчи – маҳалласидаги йўлнинг таъмирталаблигида экан. Биз ҳам йўлни кўриб, отахоннинг ўкингани бежиз эмаслигига амин бўлдик.
Бахтиёр МУСТАНОВ.