Маҳмудхўжа Беҳбудий - беш юлдуздай серқирра инсон

Эътибор берганмисиз: кейинги пайтларда биз, ижодкорлар қардошлик, халқлар дўстлиги, байналминалчилик ҳақида жуда кам қалам тебратадиган бўлдик. Авлод-аждодларимиз, миллатимизни улуғлашга келганда эса анча сузамолмиз. Ваҳоланки, миллатимиз, оиламизни ўзимиз эмас, ўзгалар таърифласа,  ярашиқ бўлур эди. Боболаримиз биздан кўра байналминалроқ бўлишган: улар жаҳон бозорларида туркий, форсий, арабийда эркин гаплашишган.

Зеро, у замонларда “миллат”, деган тушунчанинг ўзи бўлмаган.

Миллий ғурур - нормал ҳолат, аммо у миллий маҳдудликка айланса ва олди олинмаса, хунрезликлар содир бўлишига кўп бор гувоҳ бўлдик. Ваҳоланки, бизнинг жами тоат-ибодатларимиз инсоннинг бир томчи қонига  арзимайди.

Бизнинг авлод икки аср ва икки тузумнинг гувоҳи бўлди. Аммо  ҳар қандай вақт ва тузум чорчўбасида ҳам  инсон инсоннинг меҳр-муҳаббатига муҳтож бўлиб яшашига; ҳар қандай миллатчилик, маҳаллийчилик, ирқчилик ожизлик аломати эканлигига; киши ақлли бўлиб боргани сари одамларнинг бу хислатларини кўпроқ илғаши, қадрлашига; ҳамма нарсага ақли етадиган киши ҳамма нарсани кечиришига қодир эканлигига; адолат, эзгулик, яхшиликнинг боқийлигига иймон келтирдим.

Қалам соҳибига ҳеч қайси тузум ва  замонда осон бўлмаган. Бугунги кунда ҳам журналистларнинг қамоққа олинаётганлиги, оловли нуқталарда у ёки бу томоннинг ўқига нишон бўлаётганлиги менинг ҳам юрагимни яралайди, албатта.

Маълумингизки, сўнгги йилларда журналистикамизнинг тамал тошини қўйган, «Самарқанд» (ҳозирги «Зарафшон») газетасининг ташкилотчиси ва биринчи муҳаррири Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишлаб китоб ёздим ва  асар бу йил нашрдан чиқди. У кишининг ҳаётини ўрганиш жараёнида шу ҳақиқатга гувоҳ бўлди-ки, Беҳбудий ҳазратлари инсонни фақат зиёгагина эмас, Худога ҳам яқинлаштирадиган, том маънодаги назаркарда киши бўлган. Худди беш юлдуздай бағоят серқирра бу довюрак инсоннинг сиёсий қарашлари  илк бор “Зарафшон” газетасида эълон қилинди. Жумладан, тақсирнинг Россия императори олдига қўйган талабларини ўқисангиз, у киши мустақиллигимизнинг илк яловбардорларидан бири эканлигига  тағин бир бор ишонч ҳосил қиласиз:

* Туркистон халқи ҳар ҳуқуқда русийлар ила баробар бўлмоқ (бўлмоғи керак);

* Государский думага Туркистондан вакил олмоқ;

* Русия ўрта ва олий мактаблариға Туркистон мусулмонларидан кирмоқ учун тадбир жорий қилмоқ ва анда дини ислом ва адабиёти маҳалия муаллимлари тайин қилмоқ;

* Забт бўлган авқофларни (бойликларни) қайтармоқ (керак) 

* Зироат, саноат ва тижорат мактаблари очилиб, мусулмонларға қулай тариқинда вазъи программи  ва ўзга шунга ўхшаш диний ва замоний ва мулкий эҳтиёжлар ... ила ёзмоқ(керак);

* Идораи руҳония ва шуъбаларининг таҳрироти ҳукумат маҳкамалари илан русча ва аҳоли, қуззот ҳам вўлостной управителлар илан ўзбекча бўлса (бўлиши) керак.

У кишидан кейинги  юз йиллар давомида Москвага ҳеч ким бундай талаб билан чиқмади ва чиқолмасди ҳам.

Нусрат РАҲМАТ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.