Маҳмудхўжа Беҳбудий ким бўлган?
Ўтган асрнинг энг аввалида Самарқанд ижтимоий муҳитида тезда кўзга ташланган бу зиёли мадрасадан ташқари рус-тузем мактабида дунёвий илмларни, айниқса, хорижий тилларни ҳам ўрганиб улгурган эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий биринчи ўзбек драмаси муаллифи, биринчи миллий матбуот нашри муассиси ва биринчи журнал муҳаррири эди. Бундан ташқари, янги мактаб очиб ҳам улгурган.
“Театр - ибратхонадур”, “Туркистон фарзандлари учун тўрт – араб, турк, форс ва рус тилларини билмоқ зарур”, “Тўй ма маъракалар чиқими халқимизни қашшоқ қилади” иборалари шу алломага тегишли.
Беҳбудий 44 ёшида шаҳид кетди.
Бугун - 2 май куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи ҳамда шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган 1913-1918 йилларда Беҳбудий яшаган ва таҳририят жойлашган бинога пешлавҳа ўрнатиш маросимида иштирок этдилар.
Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори, профессор С.Каримов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов, Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Т.Набиев, ёзувчи Н.Раҳмат, Саидризо Ализода невараси Ф.Ализода, алломанинг невараси Шоҳруҳ Беҳбудий тўпланганлар ҳузурида М.Беҳбудий ибрати хусусида гапирдилар.