Мактабда ва ўқув марказларда бир хил дарс ўтилади
Каттақўрғон шаҳар 9-умумий ўрта таълим мактабининг олий тоифали математика фани ўқитувчиси Олмос Абдуллаев 2023 йилда биринчи халқаро сертификатни қўлга киритди.
У яқинда SAT халқаро сертификатига тайёрланиб, максимал 800 баллдан 790 балл тўплаб, иккинчи халқаро сертификатга эга бўлди.
- 2025-2026 ўқув йилидан Каттақўрғон шаҳри бўйича ўқитувчиларнинг касбий ривожлантириш кунига ментор ўқитувчи бўлиб тайинландим, - дейди Олмос Абдуллаев. – Менторликда математика фани ўқитувчиларига методик ёрдам, методик тавсиялар ва қўллаш мумкин бўлган сунъий интеллект воситаларини тушунтираман. Менторлик учун ойлигимга йигирма фоиз устама қўшилади. Шунингдек, олий тоифа, халқаро сертификат учун ҳам маошимга устамалар қўшилади ва 12 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи оляпман.
Математика ўқитувчиси дарсдан ташқари ўқув марказда талабгорларга дарс беради. Бундан ташқари, аълочи ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрлайди.
- Аслида мактаб таълими билан олий таълим муассасаларига ўқишга кирса бўлади, - дейди ўқитувчи. – Аммо одамлар онгида пул тўласа яхши ўқитади, деган тушунча бор. Ўқувчилар ҳам пул тўлагани учун ўқув марказида дарсни эшитади, мактабда эса дарсга беписанд қарайди. Ҳақиқатда иккаласида ҳам бир хил дарс ўтилади.
О.Абдуллаевнинг фикрича, маҳоратли ўқитувчи дангаса ўқувчиларни ҳам дарсга жалб қила олади.
- Ушбу мактабга ишга келганимга кўп бўлмади, аввал шаҳардаги 11-ИДУМда ишлаганман. Энди ишга келган пайтларим малака оширишга кетган ўқитувчининг синфида дарс ўтдим. Биринчи дарсимда ўқувчиларнинг бефарқ ўтирганини сездим ва уларга мантиқий саволлардан бериб, математикага қизиқтиришга ҳаракат қилдим. Ўқувчилар кейинги дарслардан ўзлари мендан мантиқий саволлар сўрай бошлади. Ўқувчиларга фанни қизиқтира олсангиз, дарсингиз самарали бўлади.
Хуршида Эрназарова.