Мактаблар рейтинги. Уни таълимга янгича ёндашув кўтаради
Вилоят ҳокимининг халқ таълими масалалари бўйича маслаҳатчиси Саидаҳмад Усмонов Самарқандда таълим сифатини ошириш борасида ўз фикрларини билдирди.
- Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ таълими соҳасини ривожлантириш учун самарали ишлар қилиняпти, - деди С.Усмонов. - Масалан, мактаблар рейтингини кўтариш борасида бошқа туман ва вилоятлардан олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар қолоқ мактабларга ишга таклиф қилиняпти. Фан олимпиадаларида фахрли ўринни эгаллаган ўқувчи ва унинг ўқитувчиси бир марталик пул мукофоти билан тақдирланяпти. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи малака тоифасига қараб тўланяпти.
Биздаги рейтинг кўрсаткичлари ва олий таълимга қамров ҳали мақтанарли даражада бўлмаса-да, йилдан йилга халқ таълими тизимида ўзгаришлар кузатиляпти. Вилоят халқ таълими тизимидаги мактаблар миллий рейтинг кўрсаткичи ҳар йили юқорилаб бораётгани ҳам педагогларнинг ўз устида ишлаши, дарс жараёнида янги методларнинг қўлланилиши ва ота-оналарнинг фарзанди келажагига бефарқ эмаслигидан далолатдир.
Тўғри, республика миқёсида миллий рейтингда ҳали юқори ўринларга чиққанимиз йўқ, аммо бу йилги натижаларимиз ёмон эмас. Вилоятда ёшларнинг билим олишга қизиқиши, республика ва хорижий фан олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлга киритаётгани фикримизнинг исботидир. Жорий йилда вилоятда 464 нафар мактаб битирувчиси муддатидан олдин хорижий ва республикамиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 268 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил 464 нафарга етди.
Шунингдек, жорий йилда ўтказилган фан олимпиадаларининг (IV) Республика босқичида самарқандлик ўқувчилар еттита совринли ўринни қўлга киритди. Мазкур ютуқлар ҳисобига республикада учинчи ўринни қўлга киритдик. Йиллар давомида вилоятимиз бу каби натижага эришмаган эди.
Бундан ташқари, жорий йилда вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари халқаро миқёсда ўтказилган кўрик-танловларда 10 та, республикада ўтказилган кўрик-танлов, мусобақа, фестивалларда 38 та фахрли ўринни қўлга киритди.
Бугунги кунда вилоятимиздаги умумтаълим мактабларининг барчасига оптик толали алоқа линиялари тортилиб, интернет тармоғига уланди. Шунга кўра, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб барча мактаблар анъанавий чоп этилган қоғоз шаклидаги журналлар ўрнига “Кундалик” электрон журнал тизимида ишлайди.
Таъкидлаш жоизки, халқ таълими тизимида таълим сифатини ошириш борасида ҳукуматимиз томонидан ислоҳотлар амалга оширилиши кутилмоқда. Масалан, келгуси уч йилда барча мактабларда дарслар замонавий методикалар асосида, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва хусусий мактаблардаги сингари ўқитилади. Сабаби, ота-оналар фарзандини сифатли таълим даргоҳида ўқитишни истайди. Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва хусусий мактабларда ўқувчилар сони чекланган, талабгорларнинг барчасини қамраб олишнинг имкони йўқ. Шунингдек, мактабларда таълим сифатини ошириш учун янгича ёндашув талаб қилиняпти.
Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, ривожланган мамлакатларда таълим сифатини ошириш борасида турлича ёндашувларни кузатамиз. Масалан, Жанубий Кореяда юқори рейтингдаги мактабларнинг ўқитувчиларига яхши маош тўланар экан. Шунинг учун ҳам ўқитувчилар мактаб рейтингини кўтаришга, ўқувчиларга янада сифатли таълим беришга ҳаракат қилишарди.
Бир сўз билан айтганда, мактаб, ўқувчи ва ота-она биргаликда ишламаса, таълим сифати яхшиланмаслиги бугун ўз исботини топди. Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам ота-она фарзандининг билим олишини рейтинги юқори мактабга ишониб, ўзи қўл қовуштириб турмайди. Аксинча, ҳар куни боласи тайёрлаган уй вазифаларни назорат қилиб боради. Агар бола дарсларни яхши ўзлаштира олмаса, ўқитувчиси билан маслаҳатлашади, унга дарс тайёрлаши учун етарлича вақт ва шарт-шароит яратиб беради. Бизда ҳам қачонки, барча ота-она худди шундай йўл тутса, яқин келажакда мактабларда таълим сифати ошади, албатта.