Мактабларда хорижий тилларни ўқитилишини такомиллаштириш учун 1 млрд. сўм ажратилади

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Гулисора Эргашева маълум қилди.

Жорий йил 19 январда қабул қилинган “Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили туман (шаҳар)даги мактабларни хорижий тилларни ўқитиш учун зарур бўлган адабиётлар, асбоб-ускуналар, замонавий ахборот технологиялари билан таъминлаш учун маҳаллий бюджетлардан 1 млрд. сўмдан кам бўлмаган миқдорда ажратилган маблағлар Агентлик билан келишилган манзилли дастурлар асосида сарфланади.

Яъни, 2022 йил 1 майга қадар:

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан халқаро тан олинган баҳолаш ташкилотлари билан ҳамкорликда педагог кадрнинг малака тоифасини олиш бўйича чет тили фани ўқитувчиларининг малака синовларида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш тил кўникмаларини баҳолаш тизими ишлаб чиқилади.

Агентлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда хорижий тилларни билиш ва хорижий тил ўқитувчиларининг малака ва кўникмаларини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларнинг Ягона электрон базасини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб икки йил давомида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устама тўлаш тартибини 2022 йил 1 февралдан бошлаб жорий этилади.