Малиначилик Найман маҳалласининг драйверига айланди
Жомбой тумани қишлоқ хўжалигида мева-сабзавотчилик асосий тармоқ ҳисобланади. Ҳудудда жуда катта майдонда интенсив боғлар яратилган, шунингдек, сабзавот етиштириладиган ер майдонлари ҳам бошқа экинларга қараганда анча кўп.
Шу пайтгача бу ерларда анъанавий деҳқончилик экинлари парваришланган бўлса, кейинги йилларда броколли карами, соя, гулкарам, лук пари, малина сингари янги турдаги маҳсулотлар етиштирилмоқда.
Хусусан, малина етиштириш бугун жомбойликлар учун сердаромад юмушлардан бирига айланди. Туманнинг Найман маҳалласида эса малиначилик драйвер сифатида белгиланган. Бунга шу маҳаллада яшовчи Ўткир Абдуллаев оиласи сабабчи бўлган, десак хато бўлмайди.
– Ўзимизнинг ҳовлимизда, томорқамизда 200 дона кўчат экиш билан ишни бошлаганмиз ва йиллар давомида секин-аста кўпайтириб, гектарга айлантирдик, – дейди Ўткир Абдуллаев. – Жуда фойдали, энг муҳими, сердаромад иш. Лекин авваллари бизда ҳеч ким малина етиштириш билан шуғулланмаган. Бундан ўн йилча олдин Корея, Россия давлатларига бориб ишлаш жараёнида шу экин парвариши билан қизиқиб, кейин ўзимизнинг ҳовлида экиб кўрдим. Россиянинг “Бобье лето” навини эканмиз ва бу нав бизнинг иқлимимизга жуда мос келди. Малина кўп сув талаб қиладиган экин, ҳар уч кунда суғориб турамиз, ҳаво ҳарорати ҳам жуда иссиқ бўлмаслиги керак. Бизнинг ерларимиз Зарафшон дарёси ва Мирзаариққа яқин бўлгани учун малина етиштиришга қулай экан-да. Яхши ҳосил беради. Биринчи йилдан гектарига 1 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Тўртинчи йилдан эса 8-10 тоннагача етади. Ўрта ҳисобда 200 миллион сўм соф даромад қилиш мумкин. Даромаднинг 30 фоизи ишчиларга берилади, чунки мавсум давомида 35-40 нафар аёл малина теради. Умуман, бир гектар малинаси бор деҳқон 15-20 кишини иш билан таъминлайди. Июндан декабрга қадар малина териш мумкин.
Ўткир Абдуллаев томорқасида 3-4 сотих ерда малина етиштириб, бу ишнинг ҳадисини олгач, ўзи ва оила аъзолари учун ижарага ер олиб, ҳозирда 3 гектар майдонда малиназор ташкил этган. Унга ҳавас қилиб, ундан ўрганиб хонадонида малина парваришлаётган оилалар ҳам Найманда бугун кўпайиб қолди. Ҳатто шу йўналишда деҳқон хўжаликлари ташкил этилди. Айтишларича, бугун ушбу маҳалланинг ўзида ўндан ортиқ деҳқон хўжалиги тасарруфида 6 гектар малина плантацияси яратилди. Қўшни қишлоқлардаги майдонлар билан ҳисоблаганда малина майдонлари 20 гектарга етди, дейишяпти найманликлар.
– Ҳозир маҳалламиздаги 200 га яқин хўжалик малиначилик билан шуғулланяпти, – дея сўзида давом этади Ўткир Абдуллаев. – Уларнинг қарийб 100 тасига ўзим кўчат берганман. Бу экиннинг даромадини кўрган одам бошқа иш билан шуғулланмайди, фақат малина экади. Мен дастлаб шу иш билан шуғалланганимда “ким олади буни, ҳеч ким емайдику” деганлар ҳам бўлди. Тўғри, илгари малинани асосан шаҳарда бошқа миллат вакиллари харид қиларди. Мана, энди ўзимизнинг халқимиз ҳам малинанинг фойдали, шифобахш неъмат эканлигини англади. Муҳими, маҳсулотга харидор изламаймиз. Маҳалламиздан келиб олиб кетишади. Айни пайтда Самарқанддан ташқари, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятларидан харидорларимиз бор, Тошкентга ҳам етказиб берамиз. Мен шу пайтгача малинага харидор тополмай қолган одамни кўрмадим. Тўғри, бошида Самарқанд шаҳрига бориб, ўзимиз маҳсулотни сотганмиз, кондитер цехлари билан ҳамкорлик қилганмиз. Энди эса Самарқанд шаҳридаги қайси бозорга борманг, бизнинг маҳаллада – Найманда етиштирилган малинани етказиб берувчилар ва сотувчилар бор.
Малиначиликнинг яна бир фойдали жиҳати – кўчат етиштириб сотиш. Малина уруғидан ёки қаламчасидан кўпайтирилмайди, ёнидан ўсиб чиқади. Ҳар йили уларни олиб, кўчат сифатида сотамиз. Бу ҳам ҳеч қандай ортиқча харажат, меҳнат талаб қилмайди. Фақатгина февраль ойида, малина уйғонишидан олдин кўчатни ковлаб олиб, сотиш керак. Бошқа пайтда ҳам кўчатни олиш, экиш мумкин. Лекин кўчатларнинг барчаси амал олиши қийин. Февралда эса барча кўчатлар тўлиқ кўкаришига амин бўлганмиз. Масалан, биз ҳар йили гектаридан 15-20 мингтагача кўчат ковлаб олиб, шундан ҳам 200 миллион сўмгача даромад қиламиз. Малина шохларини қанча сийрак қилиб қолдирсангиз шунча кўп ҳосил оласиз. Энг муҳими, малина кўчати экилган йилидаёқ ҳосилга кириб, харажатларингизни қоплайди, даромад ҳам беради. Қишлоғимиздан бир қўшнимиз шу йил бошида мендан 22 миллион сўмга кўчат сотиб олиб, малиназор яратганди. Айтишича, шу пайтгача 30 миллион сўмлик малина сотибди.
Экинга ишлов бериш ҳам ўша пайтда – февралда бўлади. Эски шохлар кесиб ташланади, қатор ораларига гўнг ва аммофос солиб, ер ағдарилади. Бошқа пайтда ҳеч қандай агротехник тадбирлар бажарилмайди, шохлари ғовлаб кетмаслиги учун сим тортилиб, кўтариб қўйилади.
Бирники мингга, мингники туманга, деган гап бор халқимизда. Найманда ҳам Ўткир Абдуллаев бошлаган малиначилик бугун бутун маҳалла аҳлининг асосий даромад манбаига айланди. Аҳоли томорқасидан ташқари, ҳатто уйнинг орқасида, йўл ёқасида ҳам малина экиб, даромад қилишга интилмоқда.
– Икки йилдан буён маҳалла раисиман, асосий драйверимиз – малина етиштириш, – дейди “Найман” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Санжар Каримов. – Бунга кўп вақт бўлган эмас, уч йилдан буён ҳоким ёрдамчиси билан бирга аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Ҳозир 200 дан зиёд хонадон шу иш билан шуғулланади ва уларнинг сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Даромади яхши бўлгани учун мана шу Найман кўчамизда ҳам йўлнинг икки томонида одамлар малина экишган.
– Маҳаллаларда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилганда биз малиначиликни танлаганмиз, – дейди Найман маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ёрқин Мардонқулов. – Чунки 200 дан ортиқ хонадонда малина парваришланади ва бир сотихдан 4-5 миллион сўм даромад қилинади. Ҳар бир хўжаликда ўртача 5-6 сотихдан томорқа борлигини ҳисобга олсак, шу ердан бир йилда 25-30 миллион сўмгача даромад қилиш мумкин. Меҳнати унчалик оғир эмас, харажат талаб қилмайди. Шунинг учун 2026 йилга бориб маҳалламиз тўлиқ малиначиликка ихтисослашиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш орқали даромад топишини таъминлашга ҳам эътибор қаратяпмиз. Давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида маҳаллаларда микролойиҳаларни амалга ошириш белгиланганди. Бизда ҳам шу пайтгача 12 та микролойиҳа тайёрланиб, шу пайтгача 11 таси ишга тушди. Бунинг учун маҳалладошларимизга 9 лойиҳа бўйича имтиёзли кредит, 1 та лойиҳа учун субсидия берилди. Йил якунига қадар микролойиҳаларни 30 тага етказишни режалаштирганмиз.
Бугун Найман маҳалласи мисолида айтиш мумкинки, Жомбой туманидаги 38 маҳалланинг ҳар бирини ривожлантиришнинг асосий драйверлари аниқланиб, аҳоли даромадларини ошириш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш борасида аниқ дастурлар асосида иш олиб борилмоқда.