Марказий ҳарбий округ: 6 йиллик сарҳисоб

Амир Темур жанговар байроғининг илк соҳибига айланган Марказий ҳарбий округининг қайта ташкил этилганлигига олти йил тўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев қарори билан 2017 йилда Марказий ҳарбий округи қайта ташкил этилиб, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларининг маъмурий чегаралари доирасидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ушбу округ қўшинлари тасарруфига ўтказилганди.

Кеча, 20 октябрь куни ушбу сана муносабати билан округ Маънавият ва маърифат марказида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда округ қўмондонлиги, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябаев сўзга чиқиб, Марказий ҳарбий округ ташкил этилгандан сўнг, қисқа давр мобайнида округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда реконструкция ишлари босқичма-босқич амалга оширилганлиги, олти йил мобайнида ҳарбий маъмурий секторлар билан ҳамкорликда маънан эскирган ҳарбий қисм ва дала ўқув майдонларнинг инфратузилмаси бутунлай янги кўринишга келтирилганлигини эътироф этди.

Шунингдек, юрт ҳимоячилари учун яратилган қулай шарт-шароитлар натижасида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик борасида эришаётган ютуқлар сарҳисоб қилинди.

Шундан сўнг, округнинг жанговар ютуқларига ҳисса қўшиб келаётган фахрийлар, офицер, сержантлар, Қуролли Кучлар хизматчиларига ҳарбий унвонлар, фахрий ёрлиқ, пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тантанали тадбирнинг бадиий қисмида ҳарбий оркестр жамоалари ҳамда хушовоз ҳонандалар ижросида намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Марказий ҳарбий округ ахборот хизмати.