“Сиёб ва Қорасув бир маънони англатади-ку”: Олимлар янги туманлар номи бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда

Самарқанд шаҳри таркибида янги ташкил этиладиган туманлар ҳақида маълумотни ўқиб хурсанд бўлдим. Хабарларда ёзилишича, шаҳарда Сиёб, Қорасув, Сўғдиёна, Боғишамол ва Мароқанд туманлари тузилиши режалаштирилмоқда. Бироқ бу туманларнинг номланишида, фикримча, бироз ғализликлар бор.

Биринчидан, Сиёб билан Қорасув бир маънога эга бўлиб, бири форс-тожикча, иккинчиси ўзбек тилидаги кўринишлари, холос. Яъни, суви қорамтир бўлган сойга берилган ном. Сиёб туманини балки Соҳибқирон Темурбек ёки Самарқанднинг қадимги буюк ҳукмдори Алп Эр Тўнға (Афросиёб) номи билан аташ тўғридир.

Иккинчидан, Мароқанд Самарқанднинг қадимги номи эмас.  Бу атама Самарқанднинг қадимги ва асл номи «Семизкент» («Семиркент»)нинг грек тилидаги бузилган шакли. Шу сабабли туманни ғалат тарзида «Мароқанд» номи билан эмас, балки манбаларда келтирилганидек, шаҳарнинг асл номи «Семизкент» ёки «Семиркент» деб аташ тарихан тўғри бўларди.

Самарқанднинг асли номи “Семизкент” эканлигини Абу Райҳон Беруний ҳам ёзиб қолдирган. Маҳмуд Кошғарий ва Беруний фикрини XIII аср арман тарихчиси Сумбат ҳам тасдиқлаб, шаҳарнинг маъноси “семиз ёки бой кент” маъносини англатишини таъкидлаган. Бу маълумотлар тарихчи Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» асарида, Бобурнинг “Бобурнома” эсдалигида ҳам («Семиркент» шаклида) ўз тасдиғини топади.

Соҳибқирон Амир Темур саройида Испан қироли элчиси бўлган Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга саёҳат кундалиги”да ниҳоятда муҳим маълумотни келтиради ва шаҳарни нима учун “Семизкент”лигини тушунтиради:

“Бу ўлка (Семизкент - Э.М) барча нарсага – нон каби шарбат ва этга, мева-сабзавот ва қуш (парранда - Э.М) ларга бой; бу ердаги қўйлар жуда йирик бўлиб, уларнинг қуйруғи (думбаси) жуда семиз, айрим қуйруқларнинг оғирлиги йигирма фунт келади, бундай думбани бир киши аранг қўлида тутиб тура олади. Бу каби қўйлар жуда кўп бўлиб, улар шу қадар арзонки, сеньор (Амир Темур – Э.М.) қўшини билан бу ерда турганида, бир жуфт қўйларнинг нархи бир дукат эди. Бошқа товарлар (ҳам) жуда арзон... Бу кентнинг ва ерининг бу қадар бойлигидан ҳайратимнинг чеки йўқ. Шу бойлик сабаб у Самарқанд деб аталди, унинг асл номи Семизкент бўлиб, бой кент демакдир. Семиз уларнинг тилида бой, кент – қўрғон маъносини англатади». Бундай талқин Хитой манбаларида ҳам келтирилади.

Шундай экан, Самарқанднинг янги тузилаётган туманлари ва уларнинг юз йилликларга татийдиган номларига жиддий эътибор қаратиш ва бунда тарихий ҳақиқатга риоя қилиш, манбаларга суяниб иш кўриш мақсадга мувофиқ бўлади.

Эркин Мусурмонов,

СамДУ профессори.

***

Р/s: Албатта, мақолада келтирилган фикрни қўллаб-қувватламоқчи эмасмиз. Аммо кўҳна кент зиёлилари бу долзарб масалага бефарқ қараётганлиги таажжубланарли.