Машҳур немис фокусчиси Тоби Ван Деиснер Самарқандга келди
Германиядан машинасида чиққан Т.Деиснер 12312 километр йўл босиб Самарқандга етиб келди. Фокусчи оиласи билан Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилиб 10 ой ичида турли мамлакатларда бўлишни, турли халқларнинг яшаш тарзи ҳамда маданияти билан танишишни мақсад қилган.
– Ўзбекистонга етиб келганимизга ўн кун бўлди, – дейди Тобе Ван Деиснер. – Бу ерга келгунча ўн учта давлатдан ўтдик. Мен Ўзбекистон ҳақидаги кўплаб қизиқарли маълумотларни китобларда ўқиганман. Бу юртни кўриш кўп йиллик орзуим эди. Қизиқишларим мени ватанингизга саёҳат қилишга ундади. Турмуш ўртоғим билан Ўзбекистоннинг тарихий обидалари, одамларнинг урф-одатларини кўрдик.
Бу ерга келишдан олдин Нукус, Хоразм ва Бухорода бўлиб, ҳар бир вилоятнинг ўзгача табиати борлигига амин бўлдик. Уларнинг халқи ҳам, миллий таомлари ҳам бир-биридан фарқ қиларкан. Бу бизда катта таассурот қолдирди.
Самарқанд ҳақиқатдан ҳам жуда гўзал шаҳар экан. Айниқса, бу шаҳарнинг Буюк Ипак йўлида тутган ўрни ҳақида кўп эшитганман. Бу ердаги тарихий обидаларнинг қурилиши, архитектураси ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади.
Олмониялик сайёҳ самарқандликлар учун ўзининг иллузия томошаларидан намуналар ижро этиб, ҳамшаҳарларимиз олқишига сазовор бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, сайёҳ Самарқандда икки кун бўлиб, кейин Шаҳрисабзга йўл олади. У ердан Тожикистонга ўтиб Помир йўли орқали Қирғизистонга ўтади. Кейинчалик Қозоғистон, Россия, Монголия, Хитой, Лаос, Камбоджа давлатлари орқали 2020 йилнинг январь ойини бошларида Малайзияда бўлишни, у ердан уйига самолётда етиб боришни режалаштиришмоқда.
Т.Деиснер 15 йил ичада 50 дан ортиқ мамлакатларга саёҳат қилган.