Машҳур шоир нима учун Эркин Қайтаровни суриштирганди?

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров Зарафшон воҳасининг таниқли ҳофизи. Бугунги кун қўшиқчилиги ҳақда санъаткор билан суҳбатлашдик.

– Бир шеър турли шаклда қўшиққа айланади ёки турли ҳофизлар томонидан куйланади. Албатта, ҳофиз истаган шеърни қўшиқ қилиши мумкин. Аммо шуниси аниқки, қўшиқнинг ҳақиқий баҳосини халқ беради.

– Албатта! Бир пайтлар устоз шоир Абдулла Ориповнинг “Сен қайдан биласан?” шеърини ашула қилгандим. Бир куни радиога борсам, “Абдулла ака сени сўради, учрашар экансан”, дейишди. Бу хабардан бироз ҳушёр тортдим. Шеърни Абдулла акадан сўрамагандим-да. Аммо Ёзувчилар уюшмасига бир неча марта борсам ҳам у киши билан учрашолмадим. Доим иш билан сафарда эди.

Бир куни Самарқандда тадбирдан энди чиқиб кетаётгандим Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Нормурод Нарзуллаев ва Усмон Азим суҳбатлашиб турган экан. Яқинроқ бориб, Абдулла ака билан гаплашиш имконини топдим. Аввал узримни айтдим, сўнг сизнинг шеърингизни қўшиқ қилган Эркин Қайтаров бўламан, дедим. Абдулла аканинг юзи ёришди. Мени ўзларининг даврасига олиб бориб, “Эркин ака, шу ҳофизни бир дуо қилинг. Шеъримни қайсидир гуруҳ қўшиқ қилганида қанчалик хафа бўлган бўлсам, мана шу йигитнинг ижросини эшитиб, шунча хурсанд бўлганман”, деди.

Эркин Воҳидовнинг “Дўст билан обод уйинг” шеърини кўп устоз санъаткорлар қўшиқ қилган. Мен ҳам уни ўз талқинимда ижро қилиб юрардим. Пайтдан фойдаланиб, Эркин акадан ҳам рухсат олдим. “Ҳозир эшитамиз”, деди у киши. Залга қайтдик, барчасини ўз талқинимда ижро этдим. Улар ҳам, томошабинлар ҳам олқишлади.
– Мумтоз қўшиқларнинг тарғиботига, замондош ҳофизларнинг санъатдаги ўрнига эътибор камдек. Бу эса енгил-елпи қўшиқ ижрочиларига қўл келади. Улар ўзларининг “ижод маҳсули” билан ёш авлод онгини осонгина эгаллаб оляпти.

– Тўғри, баъзан шундай бўладики, тингловчилик маданияти йўқ, айниқса, ёшлар ташкил қилаётган давраларда. Бундай вазиятда тингловчи эътиборини жалб қилиш ҳофизнинг ўзига ҳам боғлиқ. Ишининг чинакам устаси бўлса, ҳар жойда ўз ўрнини топади. Назаримда, ёшларни айблашдан аввал, уларга ўрнак бўлишимиз керак. Аввал улуғ устозларни танитишимиз, оз бўлса-да, истеъдодли ёшларни тайёрлаб, олиб чиқишимиз, ёш ҳофизларга йўл беришимиз лозим. Ўз тенгқурлари мақомлардан ижро этаётганини кўрса, улар тинглайди, ўрнак олади, эстрада билан солиштириб, мумтоз ашуланинг вазнини ҳис қилади.

Эътироф этиш керак, кейинги йилларда мумтоз қўшиқчилик, бахшичилик, умуман, миллий анъаналаримизга эътибор ошди. Ҳукумат даражасида алоҳида чора-тадбирлар белгиланяпти. Яқинда Президентимизнинг бу бўйича қарорлари чиқди. Унда санъаткорларга кўп имтиёзлар, жонли ижрода концерт дастурини олиб борувчи санъаткорларга чегирмалар назарда тутилган. Энди мактабларда ҳар бир ўқувчи битта мусиқа асбобини чалишни ўрганиши лозим. Ҳар қандай киши рубобни қўлига ушлагандан кейин миллий куйларни чалади, албатта. Қолаверса, ушбу қарор билан ходимларнинг концерт дастурларига боришини ташкил қилиш, харажатларини қоплаш учун ташкилот раҳбарларига ҳам алоҳида масъулият юклатилди. Бу ишлар мумтоз қўшиқчилик ривожига катта туртки бўлиши шубҳасиз.

– Концерт дастурингизни “Дунё, дунё” деб номлабсиз...

– Халқнинг эътиборини қозониш учун ижод қилишдан тўхтамаслик керак. Ўтган концертимни, хабарингиз бор, “Онамга ўхша, қизим” деб номлаган эдим. Қизим бир куни шеърий китоб кўтариб келди. Китобни очишим билан “Онамга ўхша, қизим” номли шеърга кўзим тушди. Концертимнинг номланишига шу сабаб бўлди. Онам менга улғайганимда ҳам ғамхўр эди. Кичик хатоларимни ҳам айтиб турарди. Шундан қизимнинг ҳам онамга ўхшашини истагандирман.

Келгуси концертимнинг номланиш тарихи ҳам бир воқеа билан боғлиқ. Улуғ ҳофиз Назиржон Назаров водийдан концертимга келди. У кишининг келганидан хурсанд бўлдим. Мен уларга бирор асарингизни айтинг, мен уни сиз истагандай ижро қилай, дедим. Шу номдаги ашуласини айтиб кўришимни маслаҳат берди. Уни янгича талқинда айтдим. Шундан сўнг концертимни ҳам “Дунё, дунё” деб номлаш ўзимга маъқул тушди.

Ҳозир ушбу концертолди ишлари билан бандман. 25 февралда бўладиган концерт дастуримг Zarnews.uz сайти мухлисларини ва барча қўшиқ ихлосмандларини таклиф қиламан.

Сулаймон Мардиев суҳбатлашди.