Масъулиятли фаолиятингизни қадрлаймиз
Сиз, азизларни касб байрамингиз – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этамиз.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари сизнинг машаққатли, масъулиятли фаолиятингизни қадрлайди.
Матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда. Дунё шиддат билан ўзгармоқда. Барча соҳалар каби ахборот олиш ва уни етказиш, жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янги-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид янги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратилмоқда.
Кейинги пайтда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бораётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки бундай ислоҳотлар самараси жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаймиз.
Шерали ЮЛДАШЕВ,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири.