Матбуот - жамият кўзгуси, маърифат тарғиботчиси
Инсон ташқи кўринишидаги қусурларни ойнага қараб тўғрилагани каби жамият ҳам ўзидаги муаммо ва камчиликларни оммавий ахборот воситаларида кўриб, уларни бартараф этиб боради. Шу маънода, матбуот жамият кўзгуси, адолат ва ҳақиқат жарчиси, маърифат тарғиботчисидир.
Эътирозлиси, бугун матбуотнинг «локомотив»и саналган журналистга ўз маҳорат ва салоҳиятини, жасоратини намоён этиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ҳар бир ОАВ вакилининг янгилик тарқатиш, эркин сўз айтиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Қолаверса, истаган киши газета, журнал, телестудия, радиоканал, сайт очиши мумкин. Давлат нафақат ўз муассислигидаги, балки нодавлат ОАВни ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Зеро, сўз эркинлиги фақат ОАВгагина эмас, аввало, давлат учун зарур ва фойдалидир. Чунки очиқлик, ошкоралик бор жойда коррупция, тамагирлик, жиноятчилик, қонунбузилиш ҳолатларига қарши кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконияти юзага келади.
Шу маънода, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга доир кўплаб ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, Президентимиз деярли ҳамма учрашув ва йиғилишларда оммавий ахборот воситаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайта-қайта таъкидлайди. Масалан, Президент ўтган йилнинг айни шу кунларида жиззахлик сайловчилар билан учрашуви вақтида республикамиздаги барча ОАВ вакилларини касб байрами билан қутлаб: “6,5 йил ичида энг катта эришганимиз – очиқлигимиз. Қўрқувимиз йўқ бўлгани. Ижро органи раҳбари бирон қарор қабул қилишдан олдин илгари ҳеч нарса ўқимасди, ҳозир камида 10 марта ўқийди. Блогерлар нима дейди, ОАВ менга қандай баҳо беради, деган саволларни ўзига беряпти”, дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугун кўплаб раҳбарлар журналистлар чиқишлари, фуқаролар мурожаати билан ҳисоблашмоқда. Бу жараённинг мунтазам ва изчил мониторинги ҳам шаклланяпти. Раҳбарлар фаолиятига жамоатчилик билан қанчалик мулоқот ўрнатгани, матбуот саҳифалари, ижтимоий тармоқларда чиқаётган мақолалар, танқидий фикрларга нечоғли муносабат билдираётганига қараб баҳо берилмоқда. Фаолияти танқид остига олинган ҳар қандай мансабдорга тегишли чоралар кўрилаётганини эса ҳаётда барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Энди айрим рақамларга эътибор қаратсак.
Бугун вилоятимизда 36 та газета-журнал чоп этилмоқда. Уларнинг учтаси вилоят нашри, 16 таси шаҳар ва туманлар газеталаридир. Шунингдек, хусусий нашрлар, тармоқ газеталари, илмий, адабий-бадиий журналлар бор. Газеталарнинг аксарияти А-2 ҳажмда, ўртача 2-2,5 минг нусхада чоп этиляпти. Бу нашрларнинг даврийлиги кўпайди, барча газета ва журналларнинг веб-сайтлари жорий этилди.
Аммо тан олиш керак, таҳририятларда журналист кадрларга эҳтиёж бор. Табиийки, бу етишмовчиликлар ОАВнинг мазмун-мундарижаси, сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Дастлаб 16 йил давомида вилоят «Зарафшон» газетаси таҳририяти қошида, 2 йилдан буён Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими қошида фаолият юритиб келаётган «Маҳорат мактаби» бу каби камчиликларнинг ўрнини қисман тўлдирмоқда. Кейинги икки йилда бу ерда 30 нафардан зиёд тингловчи журналистика сирларини ўрганди.
Вилоятимизда иккита йирик босмахона ишлаб турибди. Маҳаллий газеталарнинг барчаси, шунингдек, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларининг 30 га яқин газеталари ана шу босмахоналар - “Ношир люкс” ва “Шердор плюс полиграф” да чоп этилмоқда.
Шунингдек, битта телевидение, битта радио фаолият кўрсатяпти. Вилоят телерадиокомпаниясининг бир кунлик эфир ҳажми 18 соатни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, 81 та ахборот хизмати, жумладан, 16 та туман ва шаҳар ҳокимликларида, 65 та ташкилотда матбуот котиби фаолият юритмоқда.
Фахрий журналистлар тажрибасини ёшларга ўргатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўлимимизнинг доимий эътибор марказида. Хусусан, йил бошидан буён фахрий журналистларни қўллаб-қувватлаш, журналистика соҳасида орттирган тажрибаларини кенг ёйиш мақсадида улар билан биргаликда қатор тадбирлар уюштирдик. Масалан, Самарқанд шаҳрида Тошпўлат Раҳматуллаевнинг 75 йиллик юбилейи муносабати билан кенг жамоатчилик иштирокида учрашув бўлиб ўтди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошевнинг 70 ёши муносабати билан тантанали тадбир, адабиий-бадиий учрашув ўтказилди. Шунингдек, фахрий тележурналистлар Абдураҳмон Бошмонов, Холиқ Ҳакимовларнинг 75, Тўрақул Рустамов, Ботир Муҳаммадиев, Турғун Ҳасановларнинг 70, Жамшид Обидов, Фурқат Турниёзовларнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан маънавий-маданий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов билан бирга шаҳарнинг Кимёгарлар қўрғонида яшовчи 75 баҳорни қаршилаган, «Шуҳрат» медали соҳиби Маҳбуба Шаропова хонадонида бўлиб, ижодкор билан дилдан суҳбатлашдик. Шунингдек, матбуот соҳасида самарали меҳнат қилган яна уч нафар фахрий журналистга 65 ёшга тўлгани учун ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан соҳада кўп йиллик тажрибага эга уч нафар устоз ижодкорга уюшма вилоят бўлимининг ташаккурномаси ва совғаси топширилди.
Бугун замон шиддаткор. Ахборот соҳаси вакили бугунги кунда сиёсатчи, иқтисодчи, таҳлилчи бўлиши керак. Жойлардаги ҳақиқий ҳолат таҳлили, қайси соҳада муаммо борлиги, фуқаролар нимадан норозилиги ва уни бартараф этиш бўйича таклифлар оммавий ахборот воситаларида журналистларимиз томонидан муттасил равишда бериб бориляпти. Зеро, журналист жамиятдаги муаммоларни, халқнинг дардини омманинг эътиборига олиб чиқади. Журналист кўтарган масала ҳал қилиниши шарт, унга беписанд қаралса, оқибати яхшиликка олиб келмаслиги аниқ.
Шу маънода мамлакатимиз марказий нашрларининг махсус мухбирлари, тармоқ ва хусусий нашрлар, интернет сайтлари мухбирлари ҳам уюшмамиз билан яқин ҳамкорликда иш юритаётгани қувонарли. Улар вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ва турли соҳалардаги ўзгариш ва янгиликларни кенг ёритмоқда.
Вилоятимизнинг барча журналистлари, таҳририятлар ходимларини касб байрами билан қутлаб, уларга соғлиқ ва омонлик тилаймиз!
Акрам ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси.