Мавсум бошланганидан буён «Иссиқлик манбаи» ДУКнинг диспетчерлик хизматига бор-йўғи 6 марта мурожаат қилинган
Вилоят «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонасининг Самарқанд шаҳрида 14 та қозонхонаси бўлиб, Сартепа, Суғдиёна, Кимёгарлар каби массивларда жойлашган 54 та кўп қаватли уй-жойлардаги 1860 та хонадон ҳамда 36 та таълим ва тиббиёт муассасаларини иссиқлик энергияси билан таъминлайди.
Иситиш мавсуми бошланганидан буён корхонанинг диспетчерлик хизмати аҳолидан бор-йўғи 6 марта мурожаат қабул қилган.
- Ҳозирги кунда 14 та қозонхоналаримиз кечаю-кундуз ишлаб, кўп қаватли уйларга иссиқлик энергияси етказиб беряпти, - дейди диспетчерлик хизмати навбатчиси Фарҳод Ёрбеков. – Авария бригадамиз ёрдамида 4 та иссиқлик тармоқларида содир бўлган авария ҳолатлари бартараф этилди, иккита вазиятдаги ҳолат ширкатлар ёрдамида таъмирланди.
Сўнгги икки кун ичида вилоят «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонаси диспетчерлик хизматининг 221-42-60 телефон рақамларига Самарқанд шаҳридаги О.Маҳмудов кўчаси, 55-уй, 19-хонадон ҳамда 53-уйдаги 19-хонадонларда иссиқлик тармоқлари ёрилиб, хонадонларга сув тошаётгани ҳақида маълумотлар келиб тушди. Авария бригадаси зудлик билан бориб камчиликларни бартараф этди.
Д.ТЎХТАЕВ.