Май ойида вилоятдаги маҳаллаларга раис сайланади
Вилоят Матбуот уйида жорий йил май ойида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Б.Насриев сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси ва тартиблари юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот берди.
- Илгари фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 2,5 йил эди, - деди Б.Насриев. - Янги қонунга кўра ушбу муддат 3 йилга узайтирилди. Бу маҳалла раисларига ўз маҳоратини тўлиқ намоён этиш имкониятини яратади. Шунингдек, янги тартибга мувофиқ йиғин раиси сайловида иштирок этувчиларнинг сони сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги белгиланди.
Сайловнинг аввалги амалиётида маҳалла раиси ва маслаҳатчи бир вақтда сайланарди. Бу гал эса фақат фуқаролар йиғини раиси сайланади. Унга ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар вакил бўлади. Сайловда яширин овоз бериш тизими жорий этилади.