Майкл Жексон ҳаётининг сўнгги куни қандай ўтган?
2009 йил 25 июнга ўтар кечаси (Лос Анжелес вақти билан тушга яқин) Майкл Жексоннинг саломатлигига оид фавқулодда хабар бутун дунёга тарқай бошлайди, деб ёзмоқда Minbar.
Ўша тунда мен Гластонбури фестивали (Англия) томошаларига кетаётган эдим. Фестивал бошланишига бир кун қолган эди.
Муҳарририм сим қоқди. У Майкл Жексон зудлик билан касалхонага олиб кетилгани, ҳозир комада ётган бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақида ўша пайтда шоу бизнес янгиликларини тарқатиши ортидан оғизга тушган TMZ сайти хабар берган эди.
Бироқ ҳали ҳеч ким бу хабар рост-ёлғонлигини аниқ билмас эди. Поп қироли тўғрисида аввал ҳам турли ғалати хабарлар қўққис чиқиб турар эди. Бундан бир неча ҳафта олдин унда тери саратони бошлангани маълум қилинган, аммо сўнг бу маълумот рад этилган эди.
Шундай бўлса ҳам мен бирор пичоққа илингулик янгилик излаб, дарҳол интернетни тита бошладим. Бутун дунё бўйлаб янгилик сайтлари юлдузнинг аҳволига аниқлик киритиш билан овора эди. Би-би-сининг Лос-Анжелесдаги бўлими Жексонга яқин турли инсонлар билан боғланишга уринар, лекин ҳеч ким ҳеч нарсани тасдиқлай олмас эди.
Бироздан сўнг муҳарририм яна қўнғироқ қилди. «"TMZ"нинг ёзишича, у вафот этибди», – деди. Иккаламиз чуқур хўрсиндик. Сукунат чўмган эди.
Майкл Жексон сўнгги 30 йил ичидаги энг катта поп юлдузи эди ва унинг мусиқий мероси буюклигини ҳеч ким инкор қилолмасди. Бироқ унинг шахсий ҳаётининг бошқа оғриқли томони ҳам бор эди – у болаларни жинсий таҳқирлаш ва батамом ғалати шахсият эгаси бўлишда бир неча марта айбланган эди.
Орадан бир неча соат ўтса ҳам дунё юлдузнинг айнан қандай оламдан ўтганини била олмади, аммо бир неча ой ва йиллардан кейин унинг сўнгги кунига доир тафсилотлар ойдинлаша борди.
Жексон атиги бир неча ҳафтадан сўнг Лондонда концертлар бериш ва доғ тушган обрўсини қайта тиклаш арафасида эди.
Дунёдан кўз юмган куни ярим тунга қадар у шу концертларга тайёргарлик кўрган эди. Бироқ бир неча йиллардан бери суперюлдуз уйқудорисиз тура олмай қолган эди.
Ойига $150 минг маош эвазига унинг саломатлигидан кўз-қулоқ бўлиш учун ёлланган доктор Конрад Муррей Жексонни вилласида кутиб ўтирар эди. Юлдузнинг ётоқхонаси эса дори қутилари, шприцлар ва кислород баллонларига тўлиб-тошиб ётарди.
Доктор Муррей полицияга қўшиқчига 2009 йил 22 июнга қадар узлуксиз 60 кун давомида пропофол – жарроҳлик амалиёти бошланиши ва жараён давомида беморларга юбориладиган кучли наркотик дори берганини тан олган.
25 июнь кириб келган тунда эса шахсий шифокор Жексонни ухлатиш учун мутлақо бошқа дорилар берган. Бироқ улар таъсир қилмаган. Доктор Муррейнинг иддаосига кўра юлдуз яқинлашиб келаётган концертларга тайёргарликдан қаттиқ ташвишга тушган.
«Англиядаги шоуга тайёрланишим шарт», – қўшиқчининг сўзларини келтиради доктор Муррей.
Соат ярим тунга яқинлашса ҳам қўшиқчи мижжа қоқа олмайди. Доктор Муррей полицияга Жексон: «Илтимос, илтимос, ухлашим учун сут бер менга», – деб ялинганини маълум қилган. Сут дея Жексон пропофолни назарда тутган эди.
Шифокор рози бўлади ва унинг томирига дори юборади.
Доктор Муррей Жексоннинг юрак уриши ва нафас олишини махсус жиҳозлар орқали кузатиб тургани ва унинг тепасида пойлаб ўтирганини айтади. Шифокор икки дақиқага ҳожатхонага чиқиб, қайтиб келганда эса поп қироли нафас олмаётган эди.
Доктор Муррейнинг вақт силсиласи телефон қайдномаларида сақланган маълумотларга зид эди. У ўз вақтида Майкл Жексоннинг аҳволи оғирлашгани ҳақида хабар бермаган эди.
Шифокор юлдузнинг юраги ҳали ураётганини аниқлагани ва уни ҳаётга қайтариш билан банд бўлганидан тез ёрдамга дарҳол қўнғироқ қила олмаганини иддао этади. Шунга қарамай, у қўшиқчининг тансоқчиларидан бирига қўнғироқ қилишга вақт топади.
Тансоқчи Алберто Алварезнинг айтишича, доктор Муррей тез ёрдамга хабар беришдан олдин унга дори идишлари ва шприцларни кўздан йўқ қилишни буюрган. Ниҳоят маҳаллий вақт билан кундузги 12:21 да тез ёрдам ходимлари поп юлдузининг аҳволи оғирлашганидан хабардор этилади.
Зудлик билан етиб келган шифокорлар Майкл Жексонни таний олмайди. Унинг ранги бўздек оқариб кетган ва танаси бир ҳовуч бўлиб қолган эди. Унинг ҳолатини кўрган парамедик Ричард Сеннеф юлдузни энди сақлаб қололмасликларини англаб етади.
Касалхонага олиб борилгандан бир соату 13 дақиқа ўтгач, Майкл Жексоннинг жони узилгани хабар қилинади.
Бу вақтга қадар мухлислар ва матбуот вакиллари касалхона ташқарисига тўпланиб улгурган эди. TMZ сайти унинг ўлими тўғрисидаги янгиликни бутун дунёга тарқатади.
Смартфонлар энди урфга кира бошлаган бир даврда бу янгилик ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқай бошлайди.
Ўшанда одамлар ўзига қизиқ маълумотни интернет орқали ҳар бир сайтдан излашга ўргана бошлаган пайтлар эди.
Жексоннинг ҳолати бўйича маълумотга ташналик интернетни ҳолдан тойдиради. Google, Twitter ва Wikipedia каби манбалар фаолияти чексиз қидирув сўровларига дош бера олмай, қисман ишдан чиқади.
Орадан икки йил ўтиб, ортиқча дозада пропофол бериш орқали Майкл Жексонни ўзи истамаган ҳолда ўлдиришда айбланган доктор Муррей тўрт йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосининг икки йилини ўтаб, қамоқдан чиқади.
Ўша йилги Гластонбури фестивалида саҳнага чиққан бир неча ижодкор Жексоннинг рақс ҳаракатларига тақлид қилишган ёки қўшиқларини куйлашган эди. Бироқ жуда кам одам қўшиқчи тўғрисида интервю беришга розилик билдирганди. Эҳтимол, улар Жексоннинг ўлими ортидан юзага келиши мумкин бўлган янгидан-янги жанжалларга аралашиб қолишдан чўчишгандир.
Шу йилнинг бошида икки эркак бир ҳужжатли фильмда кўриниб, Жексон уларни болалик даврида таҳқирлаганини билдирган эди.
Ўтган ўн йил давомида биз Майкл Жексон қандайин аянчли шароитда ҳаётдан кўз юмганидан гувоҳлик берувчи тафсилотлардан хабардор бўлдик. Унинг мусиқий мероси биз билан қолар экан, биз унинг ҳаёти борасида кўплаб дилни хира этувчи далилларни ҳам ўргандик.