Меҳнат дафтарчаси жисмоний шахсларга сотиладими?
Ҳ.Номозов, Деҳқонобод маҳалласи.
– Меҳнат дафтарчасини очиқ савдога чиқариш ман этилган. Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан фақат иш берувчига сотилади. Айни вақтда бир дона меҳнат дафтарчасининг баҳоси 18 000 сўм. Яъни, энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизини ташкил этади. Бу расмий ҳужжат жисмоний шахсга сотилмайди. Меҳнат дафтарчаси биринчи марта очилаётган бўлса, буни иш берувчининг ўзи расмийлаштириши керак.
Афсуски, турли йўллар орқали очиқ савдода сотиш ҳолати ҳам учраб турибди. Бизнингча, меҳнат дафтарчасини сотиш тартиби бир мунча мураккаб. Буюртмачи маҳсулотни олиш учун уч ойгача кутиши керак. Босмахона шу буюртма асосида ишлаб чиқаради. Ваҳоланки, биринчи марта ишга кирган ходимга 5 иш кунида меҳнат дафтарчаси юритилиши белгиланган. Демак, ташкилот уч ойлаб кутмайди. Бўш иш ўринларини аввалдан ҳисоб-китоб қилиб, буюртма берилмаган бўлса, ҳужжатни вақтида ололмайди. Захира яратилмагач, янги ходим сарсон бўлади. Бу тақчиллик "қора бозорни" шакллантирган бўлиши мумкин.
Шу боис соҳада туб ислоҳотлар олиб борил¬япти. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнат дафтарчаси юритилмайди. Мамлакатимизда "Электрон меҳнат дафтарчаси" жорий этиляпти. Унга кўра, ходимнинг иш стажи электрон тарзда юритилади. Ходим электрон меҳнат дафтарчасига киритилаётган маълумотларни солиқ инспекциясига бориб, тасдиқланган ҳолда олиши мумкин. Шу вақтга қадар очилган меҳнат дафтарчалари 2021 йилгача амал қилади. Сўнг, шахсий сақлаш учун эгасига топширилади.
Саволга Жомбой тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Жамшид Жуманов жавоб берди.
Манба: "Жомбой тонги" газетаси