Меҳнат кодексида давлат хизматчилари учун қандай енгилликлар белгиланган?

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд ҳудудий филиали ташаббуси билан Давлат бошқарув академияси Самарқанд ҳудудий филиалида ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда вилоятдаги бошқармалар ва турли идораларнинг инсон ресурсларига масъул раҳбар ва ходимлари иштирок этди.

Семинарда жорий йилнинг 30 апрелидан кучга кирган янги Меҳнат кодексининг тегишли моддалари юзасидан батафсил тушунчалар берилди.  Бу борада иштирокчилар вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси, адлия бошқармаси ҳамда касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгашидан масъуллари маърузаларини танглади.

Семинар давомида иштирокчиларга янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг эски кодекс билан тафовутлари тушунтириб берилди. Айниқса, бугунги кунда масъуллар учун долзарб бўлган мавзулар, масалан, давлат хизматчилари неча календарь куни меҳнат таътилига чиқарилиши, жамоа ва меҳнат шартномалари янги кодексга асосан қайта тузилиши юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Бундан ташқари, иштирокчиларга интерактив тарзда эмоционал ва социал интеллект, самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш каби мавзуларда тренинг-машғулотлари ҳам ташкил этилди.