Меҳнат таътили кунлари узайтирилмоқда

Ходимларга аввалги тартибдагидек 24 календарь куни эмас, 27 календарь кун йиллик узайтирилган таътил берилиши белгиланмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг экспертлар гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини кўриб чиқди.

Муҳокамаларда 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, шунингдек, иш берувчилар, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган мослашувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун етарли шарт-шароитларни яратмаслиги таъкидланди.

Сенаторлар томонидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония, Япония, Корея Республикаси ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилгани қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг махсус қисми меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Шунингдек, ҳужжат билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига аввалги тартибдагидек 24 календарь куни эмас, балки 27 календарь кун йиллик узайтирилган таътил берилиши белгиланмоқда.