Меҳнат ярмаркасида 355 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди

Самарқанд шаҳридаги "Ёшлар" истироҳат боғида “Бўш иш ўринлари" меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Мазкур бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида туман (шаҳар)лардан 350 дан зиёд корхона, ташкилот 7 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашди.

- Бир йилда Самарқанд вилоятида аҳоли сони 85 минг кишига кўпаймоқда. 85 минг одам дегани, битта Каттақўрғон шаҳри пайдо бўлди дегани, - деди вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ўроқов. – Уларни иш билан таъминлаш жуда қийин, лекин биз ишсизликни камайтиришга, аҳолини кўпроқ ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорликка жалб этишга ҳаракат қиляпмиз.

Ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида иштирок этган ишсиз фуқароларнинг 355 нафарига ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, ишсиз ва муайян бир касбга эга бўлмаган 48 нафар фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш учун Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан йўлланмалар берилди.

Бундан ташқари, касб-ҳунар курсларини тамомлаган фуқароларнинг 31 нафарига асбоб-ускуналар тарқатилди. Улардан “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарида турган ишсиз аёлларга ўзини ўзи банд қилиш мақсадида субсидия асосида тикув машиналари берилди. Шунингдек, тижорат банклари томонидан 12 нафар фуқарога сертификатлар тақдим этилди.