“Мен энди осуда яшай олмайман”

Шоира Хосият Бобомуродовага
Хосиятбону!
Сизнинг Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чиққан икки жилдлик “Сайланма”нгизни ўқигач, ҳар бир шеърингизни ўқиб борган бўлсам-да, ижодингизга бундай дурустроқ (даврадагилари бунга кирмайди) муносабат билдирмаганлигимни англаб, кўнгилдан кечганларимни ёзишга киришдим.
Зеро, бир дарёнинг сувини ичиб улғайганимиз, бир муҳит шароитида камолга етганимиз, бир жамоада ишлаганимиз, қолаверса, математика муаллимасининг қадрдон қишлоғидан “одамларни сийламоқни”, “юлдузли тунларда ўйламоқни”, “дилни-дилга бойламоқни”, “ҳаёт завқини кўнгилга жойламоқни” ва энг муҳими, “Ватан кўркини сўйламоқни, куйламоқни” ўргангани мен учун ҳам ҳаваслидир.
Шоирлик, бу – топқирлик, изланиш. Сиз ярим асрдан кўпроқ сўз излайсиз, машаққат ва фаросат билан ташбеҳ яратасиз, инсон руҳиятига сўздан кўприк ясайсиз. Ҳатто ўзингиз ихтиро қилган, барпо қилган ана шу кўприкдан ҳам лангар ушлаб, эҳтиёт бўлиб ўтасиз. Чунки сўзнинг қадрини ва қудратини биласиз:
“Ватан ишқи билан банду банд дилим,
Давоси оқ-ойдин қўшиқлар балким.
Мен энди осуда яшай олмайман,
Шоир бўлмасликка йўқ энди ҳаққим!”
Китобнинг аннотациясида муҳаррир Гўзал Бегим “Хосият Бобомуродованинг ушбу китобида сиз безовта онанинг, севимли ёрнинг, ҳақиқий дўстнинг тимсолини кўрасиз. Ҳаётнинг аччиғини ҳам, ширинини ҳам битта - кўнгил тарозисида тортасиз. Чеклов билмас туйғулар адолатига бўйсунасиз. Шеърлар сизни пасту баланддан, ўнқиру чўнқирдан соғ-саломатгина эмас, руҳингизни юксалтириб, ҳисларингизни чархлаб олиб ўтганига амин бўласиз. Ва “ҳақиқий шеър ана шу бўлса керак”, деган тўхтамга келасиз” деб жуда адолатли хулоса берган.
Дарҳақиқат, мен-ку Сизни яхши танийман, аммо Сизни билмаганлар ҳам шу икки жилд китобни мутолаа қилгач, хатирчилик муаллима шоира, Зарафшон воҳаси адабий муҳитининг ёрқин вакили, бир пайтлар Самарқанд ва Навоий вилоятларида Ёзувчилар уюшмаси минтақа бўлимларини бошқарган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродованинг ҳаёт йўли ва қалбини билиб олиши мушкул эмас.
Хосиятбону, Сиз табиатан шоирасиз. Вақтида Зулфияхоним, Музайяна Алавия, Воҳид Абдулло, Абдулла Ориповдек улуғларимиз дуосини олган ижодкорсиз. Мисраларингиздаги қуймалик ва бетакрор ташбеҳларда маҳорат ва меҳнат, билим ва изланиш уйғунлиги бор. Сиз асосий хулосани гоҳ шеър индаллосида, гоҳи эса охирида айтиб, ўқувчини зериктирмайсиз. Ҳолатлар тасвирида бирорта сатрингиз бир-бирига ўхшамайди. Шунинг учун бўлса керак, ҳатто китоб мундарижасини ҳам шеър ўқигандек ўқийман. Фикримнинг исботи учун уларнинг айримларини келтириб ўтаман:
“Ёнаяпман, қутқарманг бироқ”, “Булут кўзларимга ўрнашсанг нетай”, “Менку қийноқларга ўрганган телба”, “Нишон бўлиб эрмак ўқлари учун”, “Э, ҳижрон фаслининг сўнгги чечаги”, “Емириб борадир юрагимни Сўз”, “Сендан ололмаган ўчим бор севги”, “Ширин ёдларини тўкмоқда дарахт”, “Тўхтама, оҳуни қувлаётган шер”, “Мудроқ новдаларни ўпиб уйғотдим”, “Уруш эълон қилмаган ёвим”, “Қалбимда оқади бир дарё олов”, “Дарбадар қайғулар чўкди кўзимга”, “Соат милларига ялиндим роса”, “Қорга берган эдим илдизларимни”.
Агар бу бетакрор мисралар ёнига қўшиққа айланган “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Икки дунёда ҳам битта Самарқанд” сатрларини ҳам қўшсак ва “Муҳаббат” шеърингиздаги қуйидаги тўртликни келтирсак, тасаввуримиз янада ойдинлашади:
“Айтолмадим кимлигимни мен ҳали,
Орзуларнинг гадосиман, пириман.
Мен – бахтсизлик, мен ҳасратман, мен - толе,
Жуфт-жуфт дардли юракларнинг сириман...”
Дарвоқе, Хосиятбону, Ватан мавзуларида ёзмаган адиб йўқ. Сиз ҳам бу мавзуда ўзига хос услубга эгасиз. Хусусан, ўқувчига юрт, киндик қони тўкилган маскан, табаррук тупроқ ва обидалар моҳиятини тушунтиришда чинакамига ўзбекона қалам тебратасиз. Чунки бу заминнинг табарруклиги ҳам уни севишимизда, ардоқлашимизда. Ҳатто фарзандларингизга, Бибихоним ва Зулфияхонимга бағишланган шеърларингизда ҳам Ватанга ҳурмат ишораси бор:
“Кўз очсанг, қучоғинг очади кулиб,
Улғайсанг, улғаяр бахтларга тўлиб,
Кутар ва кузатар парвона бўлиб,
Бешик билан тобут ораси – Ватан”
Ижодкорни дард шоир қилади. Дард, бу – ўз оғриғи ва ғамини айтиш, таърифлаш, оҳу-нола эмас. Дард бу юракнинг, виждоннинг тириклиги. Дунёнинг ташвишини сезмоқ, бўйнига олмоқ ва уни айта билмоқдир. Сарғайиб, заминга тушган хазон армонига шерик бўлмоқ ҳам дард. Яқинининг изтиробига куйинчаклик ҳам дард. Бу ҳақда кўп ёзилган ва кўп айтилган. Дардли шеърлар ҳамиша қалбимизга яқин бўлади, чунки дунёда дарди йўқ одамнинг ўзи йўқ. “Дарди йўқ кесак” деб бежиз айтишмаган.
Аммо сизнинг шеъриятингиздаги дард уни ўқиганга малол келмайди, оғир тушмайди. Аксинча, инсоннинг руҳига қувват бағишлайди, дардни унутиб, яшашга ундайди. Бинобарин, бу борадаги ташбеҳларингиз ҳам ўзига хос, ўқувчининг ҳайратию, эътиборига сазовор бўлади. Бошқача айтганда, кўнглимизда, тилимизнинг учида турган сўзларни топиб айтасиз:
”Оҳ, нега ёрилиб кетмас, юрагинг,
“Қанча сабр керак турмоқ учун жим”.
Сиз сойдаги тошнинг атрофини жаннатга менгзаш баробарида ана шу жаннатга тушиб қолган тошнинг бағритошлигини шундай гўзал мисралар билан ифодалагансиз. Уни ўқиган киши кўз ўнгида беихтиёр хунук феъл-атворли, ҳиссиз, шукурсиз, дилсиз инсонлар қиёфаси гавдаланади.
Табиат тасвирига бағишланган шеърларингизга ҳам ҳавасдаман. Таърифу шарҳдан қочасиз, гоҳ лолақизғалдоқ, гоҳ барги хазон, гоҳ майса ёки мажнунтол бўлиб дардлашасиз, шабнамдаги томчида борлиқ сийратини кўрасиз. Тоғу адирлар, дарахту гуллар, майсалар, ҳатто тошлар билан “дардлашасиз”:
“Ҳеч ким кўрмасин, деб панага бордим,
Ёмғир бирла ҳасратхонага бордим,
Сабр деган улуғ онага бордим,
Йиғлаб ёғаётган ёмғирлар, ҳорманг...”
Умуман, табиат ҳақидаги сатрлар заминида инсоннинг ботиний туйғулари, ҳавасу ҳайратлари бор: “Баҳор, журъатингга қиламан ҳавас, Қандай қилиб қирқдинг қишнинг қаҳрини”, деган мисраларни ўқигач, улардаги руҳиятга эргашиб кетганимни билмай қоламан. Баҳорнинг мардлиги шу тарзда жўмард инсонлар қиёфасида намоён бўла бошлайди. “Эй, куз, қуёшнинг бағридан чиқиб, Аёзга юзма-юз келмоқни ўргат” деган мисрларингиз орқали эса ўқувчи ҳаётнинг мураккаблигига дош бериш, тўсатдан дилни музлатиб қўядиган ҳолатларда ҳам мағрур туриш сабоғини олади.
Биринчи китобингиз “Дарёдан қатра” (1979 йил)даги “Қатра” шеърингиздаёқ ҳаётдан мақсаду муддаоингизни жуда аён ва чиройли ташбеҳда ўқувчига ошкор этгандингиз. Яъни, шоир дилидан чиққан ҳароратли, меҳрли ва сеҳрли, қатра дарёданмас, ҳўлу қуруқни баравар ёқадиган оловдан ҳам эмас. У “гоҳ ёнган, гоҳ тутоққан ҳислардан”, “толиб узоққа боққан орзулардан”. Шеър хулосасида ишонч билан айтасиз:
Яратарман уммон ҳам
Бил кун дилларни ўртаб...
Сиз шеърият дунёсида ана шу уммонни ярата олдингиз. Ва бу уммондан эндиликда кўплаб ўқувчиларингиз баҳра оляпти.
Сўзга ошноликдан ташқари ижодкорда сўзга ҳурмат, эътиқод ҳам зарур. Зеро, сиз бу ишни жуда яхши уддалаб келаяпсиз. Сиз сўзга хиёнат қилмайсиз. Аслида сизнинг ҳаловатингиз ҳам, бахту тахтингиз ҳам ана шу фазилатингиз бўлса керак.
Хосиятбону! Фақат "Сайланма" даги асарлар эмас, Сизнинг кўп йиллик ижодингиз маҳсули бўлган барча шеърларингизда халқ фидойи аёлининг қалби акс этади. Ватанга, онаизорга бағишлаб ёзган мисраларингиз юракдан қуйилиб келган ва улар ўқувчининг бемажол туйғуларини ҳам жонлантириб юборади. Волидаи муҳтарамаси, суюкли синглиси ва ўғлидан бевақт жудо бўлган шоира нидолари ҳар қандай кўнгилни Сизга дардкаш қилиб қўяди. Шундай пайтда, Хосиятбону бешикда пайтидаёқ шеър ёзганми, деган хаёлга бораман.
Бинобарин, таниқли шоира Мунаввара Усмонова Самарқанддаги ижодий тадбирлардан бирида "Хосият Бобомуродова ижоди назмда Зарафшон воҳасининг ташриф қоғозидир", деб бежиз айтмаган экан. Қизингиз Садоқат ижодингиз ҳақида адиблар, зиёлилар фикрларини тўплаб ажойиб савобга қўл урибди. Камина китобни ўқиб бу хулосага яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.
Адабиёт сўз қудрати билан тирик. Сўзнинг қудрати эса адолатда. Зеро, "Адолат бор жойда ҳақиқатни излашга ўрин қолмайди" деган машойихлардан бири. Адолат, аввало, кўнгилда пайдо бўлади. Сизнинг қалбингиздаги адолат сатрларингиз орқали шуурларга нур бўлиб ёғилмоқда. Дарвоқе, "Икки дунёда ҳам битта Самарқанд", "Ватан, гулхан бўлай ўчоқларингда, Ватан, гулинг бўлай қучоқларингда" каби мисралар аллақачон кўпчиликка ёд бўлиб кетган.
Сизнинг ҳаловатингиз шеър ёзиш, сўз излаш. Сизнинг фароғатингиз маърифатли давралар. Сизнинг роҳатингиз, адабиётдан завқланиш. Бу фидойилик давлат томонидан ҳам инобатга олинди. "Меҳнат шуҳрати", "Эл-юрт ҳурмати" орденларини олдингиз. Шоирона айтганда шеърпараст элнинг суюкли Хосиятисиз! Салоҳиятга, ижодий жўшқинликка кўз тегмасин!
Очиғи, шукрона кунингиз арафасида икки жилдлик асарингизни ўқиб, таҳлил қилиб, ўзбек адабиётида ўзига хос услубли, иқтидорли адиба камолга етганига ишонч ҳосил қилдим. Шунинг учун мен бир ижодкор ўқувчингиз сифатида кўнгилдан кечганларим ва таассуротларимни ёздим, холос. Аслида бу ижод яхшигина тадқиқотга арзигуликдир.
Саломат бўлинг, ижодга барака, Хосиятбону!
Ҳурмат билан, Фармон Тошев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.