“Мени дадам олиб кетяпти...”

Меҳнат таътилимнинг дастлабки кунларидан бирида қизларим - 6 ёшли Солиҳаой ва 4 ёшли Марямхонни боғчадан олишга бордим. Ишда бўлиб, аввал ҳеч уларни боғчадан олмаган эканман. Мени кўриб қизларим, айниқса, Марямхон жуда ҳам ҳаяжонланиб кетди, югуриб келиб ўзини бағримга отди.

Уни энди уй йўлида кетишини кўринг, дунёнинг энг бахтиёр қизалоғи, кўча-кўйда кўрганларга "Мени дадам олиб кетяпти, қаранглар", дейди болаларча беғуборлик билан. Олисдан уй деразасида кўринган онасига ҳам дадаси билан келаётганини жаранглаб, қувнаб айтди.

Кеча ҳам қизларимни ҳаяжонлантирай, дея боғчага ўзим бордим. Марямхонда яна ўша ҳаяжон.

Солиҳаойнинг боғча опаси "Онасига айтасизда, шу қоғоздаги қозонни рангли қоғоздан биргаликда ясашга ёрдам қилади, бу уйга вазифа", деди. Фарзандларим билан биргаликда амалий машғулотлар бажариш, чизиш, бўяш каби ишлари уларнинг ҳам, менинг ҳам жони дилим.

Оқшом вазифани биргаликда бажарамиз, деб Солиҳаой билан тайёрланаётсак, уйда рангли қоғоз йўқ экан. Вақт ҳам анча кеч бўлиб қолган, дўконлар ёпилган. Ўғлим Исломжон атрофдаги дўконларга бориб, рангли қоғоз тополмай келди. Дадам билан маза қилиб қозон ясаймиз, деб турган қизимнинг "тарвузи қўлтиғидан тушиб кетди". Ўзим чиқдим, бирор жойдан қандай бўлмасин, рангли қоғоз топайин деб. Тополмасдан келдим, келсам Солиҳа ухлаб қолибди.

Гуаш бўёғи билан рангли қоғоз ясамоқчи бўлибди, кўнгли тўлмагач эса "Уй вазифасини бажармасдан боғчага қандай бораман?" дея ухлаб қолибди.

Тонг отди, ҳали дўконлар очилмаган, ўйлай-ўйлай уйдаги пойабзалларнинг рангли коробкаларидан қозонни ясашга киришдим. Ёмон чиқмади.

Боғча вақти яқинлашгач онаси қизларни уйғота бошлади. Ҳар кунги каби бироз инжиқлик билан туришга қийналиб турган Марямхон "юр, боғчага ўзим олиб бораман" дейишимни эшитиб, сакраб туриб, тараддудланди. Солиҳаой эса бажарилмаган уйга вазифа сабаб хоҳлар-хоҳламас, шаштсиз ҳаракатланарди. Шу онда унга ясалган қозонни кўрсатдим. Ишонинг, қизимнинг кайфияти шу қадар ўзгардики, "Вой, дадажон, мунча чиройли қозонча" дея юз-кўзидан нур ёғди.

Учовлон боғчага йўл олдик. Боғчадаги гуруҳига Солиҳа қўлида уй вазифаси билан қувонч ва виқор билан кириб кетди.

Шерзод Сувонқулов,
иқтисодчи.