Мерос ҳуқуқи: бизда қандай, хорижда қанақа?

Самарқандда Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Мерос расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Унда Халқаро нотариуслар иттифоқи раҳбарлари ва иттифоққа аъзо мамлакатлар вакиллари, ўттиздан ортиқ давлат нотариал идоралари масъуллари, халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов анжуман ишига муваффақият тилаб, мазкур тадбир меросни расмийлаштиришдек муҳим нотариал ҳаракатни халқаро тажриба асосида янада такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, мамлакатимизда меросни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритиб, ушбу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда аҳоли ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Халқаро нотариуслар иттифоқи президенти Лионель Галлиез бугунги кунда меросни расмийлаштириш нотариал ҳаракатининг аҳамияти юқори эканлигини таъкидлаб, турли давлатлар вакилларининг ўзаро тажриба алмашиши ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини қайд этди.
Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров хорижий давлатлар нотариал идоралари масъуллари ва ҳамкорларга Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан таъсис этилган “Нотариат соҳасига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини топширди.

Шундан сўнг конференция мавзуси юзасидан маърузалар тингланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти шуъбу мудири Комил Рашидов Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигида ворислик институтини такомиллаштириш масалалари ҳақида сўз юритди.
– Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мерос ҳуқуқларига оид 8 та модда киритилмоқда, – деди К.Рашидов. – Меросни қабул қилиш муддати тўғрисида ҳам ўйлаб кўриш керак. Мерос қачон қабул қилинган деб ҳисобланади? Бу борада биз Ўзбекистон Нотариал палатаси билан муҳокамалар ўтказиб, мазкур масалани ҳуқуқий такомиллаштириш бўйича иш олиб боряпмиз. Шунингдек, Фуқаролик кодексига рақамли мерос ҳуқуқи ҳақида қўшимча киритишни ўйлаяпмиз.

Халқаро нотариуслар иттифоқи Осиё ишлари бўйича комиссияси вице-президенти Денг Жиаминг Хитой Халқ Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган мерос ҳуқуқи ва меросни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, ушбу мамлакатда меросни расмийлаштиришда тўловни камайтириш, кекса ёшдагиларга имтиёзлар бериш борасида иш олиб борилмоқда.

Халқаро нотариуслар иттифоқи бошқарув қўмитаси аъзоси Давид Фугиеро Маркез Мексикада васиятнома расмийлаштириш, васиятнома ёзувчининг кимга ва қанақа мерос мулки қолдириши махфийлик асосида амалга оширилишини қайд этди. Васиятнома электрон почта орқали васият қолдирувчига юборилади ва у ўқиб, розилик билдирганидан кейин нотариал идорага таклиф этилади ва васиятнома тасдиқланади.

Венгрия миллий нотариал палатаси президенти Адам Тотнинг қайд этишича, Венгрияда турмуш ўртоғининг меросхўри бўлиш учун камида 3 йил бирга яшаган бўлиши керак. Яна бир жиҳат, марҳум мулкни қай тартибда олгани, яъни ҳадями, меросми – аниқланади. Авлоддан авлодга қолувчи меросни расмийлаштиришда мерос марҳумнинг тўғридан тўғри меросхўрларига ўтади. Турмуш ўртоғига қолган тақдирда мерос ҳуқуқи у бошқа турмушга чиққунига қадар ҳақиқий ҳисобланади.
Анжуман сўнггида Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамда Мексика, Португалия ва Уругвай нотариуслари ассоциациялари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.