Метан газ нархини барқарорлаштириш ҳамда нархларнинг асоссиз ошириб юборилишининг олдини олиш бўйича жиддий назорат олиб борилади

АОКАда Энергетика вазири ўринбосари Азизхўжа Қобилов иштирокида ўтказилган брифингда газ нархининг эркинлаштирилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берилди.

- Ишлаб чиқарувчилар ва импортерлар томонидан биржа савдоларига суюлтирилган газ қўйиш ҳажмлари камайиб, маҳсулотнинг ўртача сотилиш нархи июль ойи бошидагига нисбатан 25 фоиз (6 млн сўмдан 7,5 млн сўмгача) ошган, - дейди Азизхўжа Қобилов. - 7 августдан эътиборан “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан кунига яна қўшимча 100 тоннадан суюлтирилган газ биржа савдоларига қўйиб борилади.

Бугунги кунда суюлтирилган газнинг тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинишига ҳеч қандай тақиқ ва чекловлар йўқ.

Жорий йилнинг ўтган даврида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича олиб борилган назорат тадбирлари давомида 1 601 ҳолатда 369 млрд сўмлик 217 млн куб метр табиий газни талон-торож қилган истеъмолчилар аниқланган.

Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида етказилган зарар миқдорининг 155 млрд сўмлик қисмини ташкил этувчи 42 фоизи 1568 та ҳар хил тоифадаги истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келса-да, унинг 214 млрд сўмлик 58 фоизи 33 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси томонидан талон-торож қилинган.

2025 йил 1 январга қадар барча шохобчада газ тўлдириш устунларига қўшимча қурилмалар ўрнатилиб, реализация қилинаётган газ ҳажми онлайн кузатиб борилади.

Эндиликда сотилаётган ёқилғиларнинг нархларини сунъий равишда ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, мазкур тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда уларга ёқилғи етказиб берилиши тўхтатилади.

"Ҳурматли истеъмолчилар! Агар сиз метан газ нархининг асоссиз равишда оширилиши ҳолатларига дуч келсангиз, Рақобат қўмитасининг 71-207-47-00, 71-207-48-00 ёки 1159 қисқа рақамига, шунингдек, Бош прокуратуранинг 1007 қисқа рақами ҳамда “Ўзэнергоинспекция”нинг 71-200-02-86 телефон рақамларига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз", дейилди брифингда.