МИБ Нуробод ва Ургутда узоқ муддат солиқ қарзларини тўламаган корхоналар биносини хатлади
Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси томонидан ҳудудларда фаолият кўрсатаётган айрим корхоналарнинг солиқ қарздорлигини бартараф этиш юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бюронинг Нуробод туман бўлими иш юритувидаги Давлат солиқ инспекцияси фойдасига қарздор "G.W.S" МЧЖдан жами 268.4 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро иши юзасидан қарздор бир неча бор огоҳлантирилганлигига қарамасдан тўлашдан бош тортиб келган.
Худди шундай, тумандаги "Каттақўрғон" МЧЖда 10 та ижро ҳужжати бўйича жами 90 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзи бўлган.
Бюронинг Нуробод туман бўлими давлат ижрочиси Алишер Қиличевга кўра, ҳар икки корхона бинолари хатланиб, муҳрланган.
Шунингдек, Ургут туманида корхоналардан бири 220 миллион сўмлик солиқни ўз вақтида тўламаган.
- Бюронинг Ургут туман бўлими иш юритувидаги Давлат солиқ инспекцияси фойдасига қарздор "U.F" МЧЖдан жами 220 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро иши юзасидан қарздор бир неча бор огоҳлантирилган лекин ихтиёрий тўлашдан бош тортиб келган, - дейди Бюронинг Ургут туман бўлими бошлиғи Соҳиб Эрназаров. - Ижро ҳаракатлари давомида, қарздор "U.F" МЧЖ тўловни ихтиёрий амалга оширмаганлиги сабабли унга тегишли бўлган ишлаб чиқариш биноси хатланиб, муҳрлаш вақтида 220 миллион сўм солиқ қарзини тўлаб берди.