МИБ: Қарздорни яшаш манзили яқинига "Диққат қидирув" фотоси жойлаштиргач, уни олиб ташлаш учун келганда ушланган

Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарорига асосан қарздор Э.И.дан ундирувчи Д.Д. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Маълум бўлишича, ушбу шахс анчадан буён алиментдан қарзини тўламагани ортидан қарзи 170 млн. сўмдан ошиб кетган. Бунинг устига у номаълум ҳудудда яшириниб келган. Шу боис, бошқарманинг қидирув бўлими томонидан унга нисбатан қидирув ҳаракатлари олиб борилган.
Тезкор қидирув тадбирлари давомида, қарздор Э.И. Самарқанд шаҳридаги муқаддам яшаган маҳалласи яқинига "Диққат қидирув" фотоси илиб қўйилгач, уни олиб ташлашга уринган вақтда ушланган.
Қидирувдаги шахс ўз фарзандлари таъминотидан қочганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 47-(4)-моддаси билан жавобгарликка тортилган, дейилади Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси хабарида.