Миллат эҳтиёжига бахшида умр

“Биз ўз қисматимизни биламиз…

Агар бизнинг ҳаётимиз ҳуррият ва халқнинг бахт-саодати учун қурбонлик сифатида керак бўлса, биз ўлимни ҳам хурсандчилик билан кутиб оламиз…

Мумкин қадар кўпроқ яхши мактаблар очиш, шунингдек, маориф ва халқ саодатини таъминлаш соҳасида тинмай ишлаш бизга энг яхши ҳайкал бўлади”.

(Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатл олдидан ёзган васиятномасидан).

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Парламентга Мурожаатномасида:

“Халқимиз тарихининг мураккаб дамларида маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади. Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”, деб фикр билдирди.

Дарҳақиқат, ХХ аср бошлари улуғ маърифатпарварларимизнинг миллат ва Ватан равнақига хизмат қилган назарий фикрларини ўрганиш, уларни ёшлар онгу шуурига етказиш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Бу ўринда ўз даври ижтимоий-сиёсий ва маданий тафаккурининг шаклланишига улкан ҳисса қўшган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бебаҳо илмий меросини таҳлил этиш ғоят муҳим. Унинг асарларида кўтарилган ҳар бир масала ва ечилиши лозим бўлган муаммолар бугунги кунда ҳам долзарб. Зеро, мутафаккирнинг қарашларида миллат маърифати ва тараққиёти ғояси доимо устуворлик касб этди. У миллийликни сақлаб қолган ҳолда, халқнинг турмуш тарзини, мактаб ва маърифатини замонавийлаштириш жамият тараққиётининг муҳим белгиси, деб ҳисоблар эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг катта орзуси туркистонликларни таназзулдан чиқариш, илғор халқлар қатори жаҳон маданияти тизимидан жой олиш, миллий маданиятни дунё оммасига танитишдан иборат бўлган.

ХХ аср бошларида вужудга келган миллий матбуот саҳифалари Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик, тараққийпарварлик, ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён этувчи минбарга айланди. Унинг асарларининг асосий ғояси “миллатнинг юзи бу – илм ва ҳунаридир” мазмунида эди.

Мутафаккир маориф тизими ислоҳотини умуммиллат миқёсидаги муаммо сифатида кўтариб чиқди. Чунки замонавий ижтимоий тафаккурга эга ёш авлодни шакллантиришда янги мактабларнинг аҳамияти беқиёс эди. Бу вақтда у ўз маблағига янги усули жадид мактабини очади ва унда ишлаш учун Ражаб Амин қишлоғидан Абдуқодир Шакурийни ўзининг уйига кўчириб келтиради.

Беҳбудий оиласи ниҳоятда маърифатли эди. Унинг икки синглиси ҳам яхши таълим олган. Улар Қуръон ва ҳадислар билан таниш бўлган. Невараси Надим Беҳбудийнинг гувоҳлик беришича, уларнинг келиб чиқиши машҳур Аҳмад Яссавийга бориб тақалади.

Беҳбудий аждодлари Хоразмдан Самарқандга кўчиб келиб, гузар тузади ва уни Гузари Махдуми Хоразм (Хоразмлик жаноб гузари) деб атади, деган маълумот ҳам бор. Отасининг буваси Самарқандда Қори Ниёзхўжа Урганжи номи билан машҳур бўлиб келган. Надим Беҳбудийнинг таъкидлашича, Беҳбудийнинг хотини шайх Қутби Чордаҳ уруғидан бўлиб, улар Амир Темур ҳукмронлиги даврига қадар Самарқанд яқинидаги Матруд деган ерда хизмат қилган.

15 ёшидан Маҳмудхўжа араб тили грамматикаси, математика, ҳуқуқшунослик асослари, мантиқ ва тилшунослик, яъни ўша пайтда мавжуд бўлган дунёвий фанларнинг барчасини ўрганишга киришди.

Беҳбудийнинг ўзи Самарқанд мадрасасида ва Бухорода ўқиганини айтган эди. Шундай қилиб, Беҳбудий ёшлигидан диний ва дунёвий таълим олди. Бунга, шубҳасиз, оилада ҳукм сурган юксак маданият ва илм-маърифат муҳити ижобий таъсир қилди. Беҳбудий оилада олган билимини ривожлантириб, юксак маърифий даражага тинимсиз изланиш, қаттиқ меҳнат қилиш эвазига эришди.

Ҳаж сафарлари ва маърифат 1893 йили Беҳбудийнинг отаси вафот этади ва 18 ёшли Маҳмудхўжа мустақил ҳаётга қадам қўйиб, қозихонага мирза бўлиб ишга киради. Фиқҳ фанининг турли соҳаларидан имтиҳон топширган Беҳбудий муфтий унвонини олади. 1899 йили 25 ёшли Беҳбудий биринчи марта ҳаж сафарига чиқади. Ислом дунёсида муқаддас зиёратгоҳ саналган Маккаю Мадинага қилган сафари унинг дунёқараши кенгайишига чуқур таъсир этди. Саёҳат чоғида у Россия шаҳарлари, Қрим, Эрон, Туркия, Миср мамлакатларида бўлди. Сафар жараёнида поездда, кемада, отда ва пиёда юриб дунёни кўрди, бошқа ердаги ҳаёт билан Туркистондаги яшаш тарзини таққослаш имконига эга бўлди. Бундан ташқари, савдо ишлари, зарур ва муҳим битим ҳамда муносабатлар тузиш, ҳам диний, ҳам дунёвий алоқалар ўрнатиш, фикр алмашиш, зарур китоблар, газета ва журналлар, ўқув қўлланмалари ва дарсликлар сотиб олиш... Буларнинг бари ватанига қайтган Беҳбудийга маърифат ва зиё тарқатишдек савоб, улуғ ишлар учун асқатди.

Ҳаж сафаридан уч йил ўтгач, 1903-1904 йилларда Маҳмудхўжа Петербург, Москва, Қозон, Оренбург, Қримда бўлди. Маориф соҳасида Россия, айниқса, Қрим жадидлари тажрибаси, Исмоил Гаспринский билан яқиндан танишув Беҳбудийнинг бутун саъй-ҳаракатини жамиятни қайта қуриш режаларини амалга оширишга қаратишига туртки бўлди. 1914 йилга қадар бу борада у анчагина тажриба орттирди. Янги усул мактаблари очилгани, жадид газеталари нашри, дарсликлар яратилгани, Туркистондаги ақл-заковатли кучларнинг унинг ғояси атрофида уюша бошлаши, маданият ва адабиётда янги тамойиллар, илғор йўналиш ва оқимнинг пайдо бўлгани Беҳбудийни янада шижоат билан фаолият юритишга даъват этар эди.

Бу шижоат уни навбатдаги чет эл сафарига ундайди. Туркия ва Миср ҳамда араб дунёсининг турли мамлакатларига узоқ – саккиз ойлик сафарга отланади. Бу ҳам ҳаж сафари, ҳам улуғ мутафаккирнинг оламни билишдек буюк мақсад сари интилиши эди. Узоқ ва сермашаққат йўл давомида Беҳбудий улкан ва кенг кўламли ишларни амалга оширди. Ўзи сайр этган барча мамлакатларнинг иқтисодиёти, географияси, тарихи, ижтимоий-сиёсий аҳволини ўрганади ва булар ҳақида “Ойина” журналининг 15-сонида “Саёҳат хотиралари” номи остида кундалик ёзувларини эълон қилади.

Шак-шубҳасиз, Беҳбудий нафақат саёҳат қилади, балки шу мамлакатлар халқларининг бой илмий ва ижодий меросини ўрганади. Бу каби саёҳатлар Беҳбудий билимининг бойиши ва инсонпарварона фалсафасининг, илғор дунёқарашининг ривожига улкан ҳисса қўшди. Беҳбудийнинг теран фикри ва соғлом ақл-заковати уни она Туркистон ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётига эришув йўлидаги орзуси ва ғояларини амалга оширишга ундади. Шу билан бирга, у муқаддас Каъбани зиёрат этиб, руҳан енгил тортади, инсон заковатига тасанно айтиб, ҳамду санолар ўқийди.

У томонидан нашр этилган “Саёҳат хотиралари” “Ойина” журналининг ўзи сингари Ўрта Осиё буржуазия вакиллари ва сармоядорларига дунёни Париждан Японияга қадар акс эттирувчи ойна бўлибгина қолмай, балки Туркистон учун мусулмон Шарқини, ислом дунёсини кашф этди, унинг цивилизациясини кўрсата олди, десак муболаға бўлмас.

Маҳмудхўжа Беҳбудий падари бузруквори номи берилган “нашриёти Беҳбудия” хусусий нашриёти эгаси, Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Наманган, Тошкент, Андижон шаҳарларидаги китоб дўконларининг хўжайини, “Ойина” журнали муҳаррири сифатида машҳур инсон эди. Хусусан, “Беҳбудия” кутубхонаси Самарқанднинг руслар истиқомат қиладиган қисмида очилганди. Бу шунчаки кутубхона эмас, балки дўкон ҳам бўлган. Бу масканга келувчилар Истанбул, Миср, Байрут, Қозон, Боғчасарой, Оренбург, Эрон, Ироқ, Ҳиндистон, Афғонистон, Петербург ва албатта, Туркистонда чоп этилган китобларни кўриб, сотиб олишлари мумкин эди. Замондошининг гувоҳлик беришича, бу Беҳбудий вафотидан сўнг Туркистондаги энг йирик кутубхоналардан бўлиб қолди.

Дилором АЛИМОВА,
тарих фанлари доктори, профессор.
Давоми бор
(“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2020 йил 18 ноябрь, 222-сонидан олинди).