Миллий гвардиячилар учун замонавий бино фойдаланишга топширилди

Каттақўрғон шаҳрида жойлашган Миллий гвардия вилоят қўриқлаш бошқармасининг 4-алоҳида отряди (Каттақўрғон шаҳридаги  объектларни қўриқлаш бўйича) маъмурий биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи, полковник Л.Яхшиликов, қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Р.Намозов, қўриқлаш хизмати фахрийлари ҳамда соҳа ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар ушбу  замонавий кўринишга эга бўлган бинода соҳа ходимлари учун барча шароитлар мужассамлигини эътироф этди. Бинода навбатчилик қисми, мониторинг хонаси, кичик спорт зал, ходимларга психологик хизмат кўрсатиш хона, кутубхона, тиббий хона, ўқув хонаси, маънавият ва маърифат хонаси, ходимларнинг кийиниш хонаси, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш каби хоналар жой олган.

Шунингдек, хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришган фидойи ва жонкуяр ходимлар ҳамда қурилишда жонбозлик кўрсатган мутахассислар ва фахрийларга эсдалик совғалари топширилди.

Шу куни Каттақўрғон шаҳар қўриқлаш хизмати ходимларига янги хизмат автомашинаси ҳам топширилди.