Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Миллий рейтинг натижаларига кўра, Самарқанд тўрт поғона юқорилади

Бугун, 23 октябрь куни “Zarnews.uz” сайти орқали “Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар кўрсаткичи бўйича Самарқанд охирги ўринда” номли мақола эълон қилинди.

Унда Ўзбекистон Республикаси умумтаълим муассасаларининг миллий рейтинги натижалари, бунда Самарқанд вилоятидаги умумтаълим мактабларининг иштироки, қайд этилган кўрсаткичлар бўйича хато маълумотлар келтирилди.

Жумладан, мақолада миллий рейтингда вилоятдан 121 та мактаб иштирок этгани, математикадан ёзма иш бўйича Самарқанд охиридан иккинчи ўринда эканлиги, она тилидан ёзма иш бўйича ҳам худди шундай натижани қайд этгани нотўғри кўрсатилган.

Бу ҳақда шуни маълум қиламизки, жорий йил Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ташкил этилган миллий рейтингда Самарқанд вилоятидан 125 та мактаб иштирок этди. Натижаларга кўра, Самарқанд вилояти ўтган йилги натижадан 4 поғона юқорилаб, республикада 9-ўринни эгаллади.

Бунда айнан умумтаълим муассасаларининг математика фанидан ёзма иш натижаларига кўра, Самарқанд 20,1 балл билан республикада биринчи, она тилидан диктант йўналиши бўйича 70,55 балл билан республикада учинчи ўринни эгаллаган.

Энг юқори натижалар бўйича топ-20 таликда Самарқанддан 1 та мактаб ўрин олди. Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар кўрсаткичлари бўйича энг қуйи натижа қайд этилди.

Ўтган йилги миллий рейтинг натижалари вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳамда мактаблар кесимида танқидий таҳлил этилган. Муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йилги натижалар, ютуқ ва камчиликлар бўйича таҳлили бўйича батафсил маълумот берилади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.