Миллий солиқ тизимида яна бир янгилик

Мамлакатимизда изчил равишда амалиётга татбиқ этилаётган солиқ ислоҳотлари сифат нуқтаи назаридан янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 1 январдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири кучга кирди. Муҳим жиҳати, миллий солиқ тизимига бир қатор янгиликлар жорий этилди.

Хусусан, халқаро бизнес юритиш амалиётида мавжуд бўлган фойда солиғини ҳисоблашда консолидациялашган гуруҳ тузишга рухсат берилди. Дарҳақиқат, бу тушунча солиқ тизимимиз учун мутлақо янгилик. Солиқ тўловчиларнинг хўжалик фаолияти бўйича жами молиявий натижасини ҳисобга олган ҳолда фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мақсадида Солиқ кодексида назарда тутилган тартиб ҳамда шартларда тегишли шартнома асосидаги ихтиёрий бирлашмаси солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи деб эътироф этилишини таъкидлаш лозим.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисида тузилган амалдаги шартноманинг тарафи бўлган ва Солиқ кодексида бундай гуруҳ иштирокчилари учун назарда тутилган барча шартларни қаноатлантирадиган юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчисидир.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ зиммасига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мажбурияти юклатилган иштирокчи солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ҳисобланади.

Кўрсатилган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга оид ҳуқуқий муносабатларда фойда солиғини тўловчилар каби солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси шундай ҳуқуқларни амалга оширади ва мажбуриятларни зиммасига олади.

Солиқ кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат саналади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.