“Миллий тикланиш” демократик партияси Президентлик сайловларида ўз ғояларини амалга ошириш учун курашади
ЎзМТДП вилоят кенгаши раиси Акбар АХТАМОВ билан суҳбат:
- Партия вилоят Кенгаши ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан октябрь ойида бўлиб ўтадиган Президент сайловларига қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
- Бошқа сиёсий партиялар қатори “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам Президент сайловида ғалаба қозониш, ўз номзоди орқали давлат бошқарувидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида иш олиб боряпти. Бунинг учун биринчи навбатда давлатимиз ва халқимиз манфаатларини ҳимоя қила оладиган, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қодир бўлган ҳар жиҳатдан етук шахсни номзод сифатида танладик.
Алишер Қодиров партия президентлик сайловларида ўз ғояларини амалга ошириш учун курашади, деган қатъий фикрни билдирди. Яъни, ҳақиқатан ҳам соғлом рақобат муҳитидаги курашни партия аллақачон бошлаб юборди.
– Вилоятда сайлов натижалари қандай бўлишини кутяпсизлар? Нимага асосланиб, шундай натижадан умид қилиняпти?
– Албатта, сайлов жараёнида қатнашаётган ҳар бир сиёсий партия юқори натижа қайд этишини ва кўрсатилган номзоди ғолиб бўлишини хоҳлайди. Шу нуқтаи назардан “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрмоқда ва катта ишонч билан яхши натижага умид қиляпти.
Чунки партиянинг халққа янада яқин бўлиш, уларнинг дард-у ташвишларини ўрганиш, муаммоларига ечим топиш борасида амалга ошириб келаётган “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй”, “Хизмат-беминнат” лойиҳалари жамиятдаги ўрнимизни оширишга хизмат қилмоқда.
Партия фаоллари ва депутатлари юртимизда, хусусан, вилоятимизда олиб борилаётган ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнларида бевосита иштирокчи эмас, балки ташаббускор ва ижрочига айланиб боряпти. Шуларга асосланган ҳолда партиямиз сайловда яхши натижа кўрсатишига ва сайловчилар номзодимизни якдиллик билан қўллаб-қувватлашига ишонамиз.
- Партиядан президентликка кўрсатилган номзод учун табиийки, вилоятда ҳам ишончли вакил сайланади. Бу вазифа ким(лар)га топширилиши режалаштирилган? Унинг қайси жиҳатлари сайловолди тарғиботида самара беради, деб ўйлайсиз?
- Сиёсий жараёнда номзоднинг муваффақияти кўп жиҳатдан ишончли вакилга боғлиқ эканлигини инобатга олсак, албатта бу вазифага партиямиз фаолларидан бири, халқ орасида алоҳида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган инсонни тавсия этамиз.
- Умуман, ЎзМТДП дан кўрсатилган номзод сайловларда ғалаба қозонса, одамлар нимадан умид қилишлари мумкин?
- Партиямиздан кўрсатилган номзод сайловда ғалаба қозонса, албатта бор кучини ва билимини мамлакатимизни ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратади. Бу жараёнда албатта, номзод партиямизнинг дастурида белгиланган устувор йўналишларга таяниб иш кўради.
- Жорий йилнинг ўтган даврида партия депутатлик гуруҳи томонидан муайян масалалар ўрганилиб, вилоят Кенгаши сессиясига олиб чиқилдими?
- Жорий йилнинг ўтган даврида партия электорати манфаатларига доир 20 та таклиф доимий комиссияларда кўрилди. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига 8 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Албатта, бу натижа кенгашларда 95 нафар депутатга эга партиямиз фаолларини қаноатлантирмайди. Демак, биз бу борадаги ишларимизни танқидий кўриб чиқиб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўз вақтида тўғрилаб олишимиз лозим.
Ё.Марқаев суҳбатлашди.