Миннат оши - маломат тоши

Тадбиркор оғайнимизнинг саксон ёшдан ошган отаси оғир хасталаниб, тўшакка михланиб қолди. Икки-уч кишилашиб уни кўргани бордик.
Отахон полига чўғдай гилам тўшалган, деразаларига ҳарир пардалар илинган, шифтига қимматбаҳо қандил осилган, нақшинкор сервантга биллур идишлар дид билан терилган кенг, баҳаво хона тўридаги юмшоқ каравотда ётган экан. Очиғи, уни кўриб, ичимиздан зил кетдик. Бир вақтлар гурсиллатиб қадам ташлайдиган яғриндор, бардам-бақувват одам бир бурдагина бўлиб қолибди. Оғриқнинг зўриданми, тез-тез инграб қўяди, басма-басига узоқ йўталади...
Шунга қарамай, сир бой бермадик, имкон қадар кўнглини кўтардик. “Кўринишингиз бинойидек, Худо хоҳласа, тез орада оёққа туриб, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз”, дедик. Ўз навбатида, отахон ҳам бизнинг ҳол-аҳволимизни, ишимизни эринмай сўраб-суриштирди.
– Йўқлаб келганларингиз, яхши тилакларингиз учун раҳмат! – деди кейин алланечук тушкун кайфиятда. – Фақат бу сафар соғлиғим ўнгланишига кўзим етмайроқ турибди. Чамамда, ажал фариштаси аллақачон йўлга чиққан кўринади. – У бир зум тўхтаб, оғир хўрсинди. – Одамзоднинг феъли қизиқ, ҳар қанча яшаса ҳам, барибир ҳаётга тўймайди. Ўлим шарпаси сезилса, ҳаётнинг ялтироқлигини, умрнинг қалтироқлигини ўйлаб, талвасага тушиб қолади. Қарилик эса қайғу... Қолаверса, саксон, тўқсон дегани бир кун йўқсан дегани. Мана, мен ҳам ётибман “Эй Худо, менга ҳам яна озгина умр қўшиб бер!.. Омонатингни олар бўлсанг, жонимни қийнамай осонгина ол!” деб...
– Э, менга қаранг, дада! – Қўққисдан бақабўйин дўстимиз отахоннинг гапини оғзидан олди. – Нега ҳадеб дуч келганга ҳасрат қилаверасиз? – деди дўмбоқ қўлини пахса қилиб. – Сизга нима етишмаяпти ўзи?.. Саксон иккига кирган бўлсангиз, нега ўлимдан қўрқасиз? Фақат битта ўзингиз ўлаётгандай, мунча ваҳима қиласиз? Ахир, бу нарса ҳамманинг бошида бор, тақдирга тан бериш ҳам керак-да...
Кутилмаган таъна-дашномдан ҳаммамиз ҳанг-манг бўлиб қолдик. Отахон эса қаттиқ безовталанди. Кўзлари аланг-жаланг бўлиб, бир бизга, бир ўғлига жавдираб боқди.
– Жон болам, – деди сўнгра аъзои бадани титраб-қақшаб, ялинчоқ оҳангда, – бу гапни олдин ҳам уч-тўрт бор айтувдинг, бошқа айтма. Жон бор жойда қазо борлигини ўзим ҳам яхши биламан. Мен ўзимга умр сўрасам, сендан эмас, Худодан сўраяпман. Сен бунақа пешдаҳанлик қилма. Ёмон гап кўнгилга тошдек қаттиқ ботади-я. Ё, нима, касал боқиш жонингга тегдими?..
– Жонимга текканида сизни дўхтирларга қаратиб, манави шароитларни яратиб берармидим? – Дўстимиз яна отаси сўзини бўлди, хумдай боши билан хонадаги жиҳозларга ишора қилди. – Ана, қаранг, ҳамма нарса етарли, еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда, шунга қарамай, нуқул нолиганингиз-нолиган.
У "Сизга ортиқча гап ҳайф", дегандай, жаҳл аралаш қўл силтади-ю, тез-тез юриб хонадан чиқиб кетди. Отахон бўғзига нимадир тиқилгандай бўлиб, гапиролмай қолди. Устига-устак, дарди хуруж қилиб, анча қийналди. Узоқ йўталиб, тин олгач, уф тортиб, кўзларини маҳкам юмди. Шу он мижжалари орасидан силқиб чиққан бир томчи ёш деразадан мўралаган қуёш нурида йилтираб кетди.
Биз отахоннинг қандай юпатишни билолмай, унинг атрофида лол қотиб ўтирардик...
Абдунаби Ҳайдаров.